...
МЕНЮ
ONLINE TV

10 декабрь – Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси қабул қилинган кун


16:12, 10.12.2017 Жамият
 2 816

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек, мамлакатда бўлиб турган бошқа шахслар мадҳиямизни ҳурмат қилиши шарт.

Давлат рамзлари мамлакат суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи, халқнинг шаъну шавкати, ғурури, ор-номуси, тарихий хотираси ва орзу-умидларини ўзида мужассам этувчи муқаддас тимсоллардир.

Шу боис Биринчи Президент Ислом Каримов ташаббуси билан мустақилликнинг илк кунларидан халқнинг озодлик, ҳурлик сингари энг буюк орзу-интилишларини, маънавий қадриятларини ифодаловчи, Ватан мустақиллигини мустаҳкамлаш, юртга садоқат, бунёдкорлик ва яратувчанликка ундовчи Бош қўшиқни қабул қилишга асосий эътибор қаратилди.

1992 йил 10 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонун имзоланди.

Мазкур қонунда белгиланганидек, мадҳия давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланади, унга зўр эҳтиром билан қараш ҳар бир фуқаронинг ватанпарварлик бурчидир. 2010 йил 24 декабрда мазкур қонунга киритилган ўзгартишга кўра, фуқаролар, шунингдек, мамлакатда бўлиб турган бошқа шахслар мадҳиямизни ҳурмат қилиши шарт.

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов шеъри, Ўзбекистон халқ артисти, атоқли композитор Мутал Бурҳонов мусиқаси асосида яратилган мадҳиямизда мусаффо осмон, бахтли ва фаровон ҳаёт, халқнинг асрий орзулари, келажакка ёруғ умиди ва мустаҳкам ишончи теран ифодаланган.

ЎзАнинг хабарига кўра, ўтган йили мадҳиямиз мусиқаси муаллифи – Ўзбекистон халқ артисти, атоқли композитор Мутал Бурҳонов таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланди. Бу йил давлат мадҳияси матнини битган атоқли шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов номини абадийлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилди. 
Сиёвуш Тўрахўжаев

Теглар:10 декабрь Давлат мадҳияси қабул қилинган кун 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар