Ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган “PROlogue” қисқа метражли фильмлар намойиши ҳамда соҳа мутахассислари томонидан маҳорат дарслари ташкил этилади.
Кинофестиваль ҳафталиги олдидан таниқли режиссёрлар, актёр ва актрисалар иштирокида маҳорат дарслари ташкил этиляпти. 10 ноябр куни Ўзбекистон Давлат Санъат ва маданият институти талабалари ва кинофестиваль иштирокчилари билан бўлиб ўтган маҳорат дарсларида тажрибали режиссёр Ёлқин Тўйчиев иштирок этди. Сценарийнавис ва кинорежиссёр ўз тажрибаси билан ўртоқлашар экан - “сўз кинода жуда аҳамиятли, лекин ҳис-туйғулари ва маҳорати чексиз режиссёр сўзсиз ҳам чиройли кино олиши мумкин” - дея ёш ижодкорларга кино олишда анъанавий услублардан қочишни маслаҳат берди.
Фестивалда иштирок этиш учун жами 100 дан ортиқ ариза, 60 дан ортиқ фильмлар келиб тушган. Картиналар орасидан 20 таси намойиш учун саралаб олинган. Уларнинг фақат 4 тасигина “Энг яхши қисқа метражли бадиий фильм” (бош соврин), “Энг яхши сценарий”, “Энг яхши режиссёрлик иши”, “Энг яхши операторлик иши” номинацияларида ғолибликни қўлга киритади. Ғолибларни тақдирлаш маросими эса 21 ноябр куни “Ёшлар ижод саройида” бўлиб ўтади.