...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Темур тузуклари” асарида тилга олинган: биринчи шаҳар


11:42, 18.10.2017 Бу қизиқ
 3 818

1348–1362 йилларда Мўғулистон хони сифатида тарихда ном қолдирган Туғлуқ Темурхон ўзининг 3 та ҳарбий бўлинмасини Моворауннаҳр диёрига юборгани қайд этилади...

Азиз мухлис, аввало қуйидаги саволларга жавоб бериб, Ўзбекистон тарихи, умуман Марказий Осиё халқлари тарихи ҳақидаги билимларингизни ёдга олинг:
 
  • Ватанимиз сарҳадлари ва қўшни давлатлар ҳудудида мавжуд бўлган қадимий шаҳарларни биласизми?
 
  • Қадимги Турон заминида бунёд бўлган кўҳна шаҳарларнинг эски номларини санаб бера оласизми?
 
  • Сиз туғилиб ўсган шаҳар, қўрғон, шаҳарча ёки қишлоқ ўрнида қадимий шаҳарлар сирасига кирган жойлар (обидалар) мавжуд бўлганми (мавжудми)?
 
  • Қадимий шаҳар қолдиқлари ёки уларнинг тикланган иншоотларига саёҳат қилганмисиз?
 
  • Соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари”, Марсель Брионнинг “Менким, Соҳибқирон — жаҳонгир Темур” асарлари билан танишмисиз?
 
  • Қадимги дунё ва ўрта асрларга тааллуқли тарихий асарларда Сиз туғилиб ўсган маскан ёки Сизга таниш бўлган манзил номларини учратганмисиз?
 
Энди эса мазкур мавзуга тааллуқли айрим қизиқарли маълумотлар билан танишамиз! Ахир шаҳарлар тарихи — бу давлатчилик ҳамда халқлар тарихи билан чамбарчас боғлиқ. Шаҳарларнинг вужудга келиши — маданий ҳаётнинг маълум бир босқичига етганидан дарак, шундай эмасми?
 
Ер юзидаги қадимги шаҳарлар...
 
Ўзингизга маълум, Ер юзида қадимий шаҳарлар кўп. Уларнинг айримлари изсиз йўқолган, айримлари эса эрамиздан олдинги даврлардан буён барҳаёт.
 
Милодий йил санаси Исо алайҳиссалом (Исо масиҳ) туғилган санадан ҳисоб қилинади ва бунга йигирма аср тўлиб, йигирма биринчиси кетмоқда...
 
Таъбир жоиз бўлса, ҳатто Исо масиҳдан ёши 4–5 асрга катта шаҳарлар ҳам мавжуд. Масалан, Арманистон пойтахти Ереван шаҳри милоддан аввалги (эр.авв.) 782 йилдаёқ қадимги урартларнинг Эребан (Эребуни) қалъа-шаҳари сифатида мавжуд бўлгани маълум.
 
Ҳозирда Италия пойтахти (Ватикан номли шаҳар-давлат) Рим шаҳрининг ёши, тарихий манбаларга кўра, 2770 ёш (эр. авв. 753 йил).
 
Бироқ археологик қазилмалар мазкур шаҳар бронза асридаёқ, яъни эрамиздан 1500 йил илгари мавжуд бўлган деб таъкидлашади.
 
Рўйи замин сайқали Самарқанд шаҳри ҳам энг қадимги шаҳарлар сирасига киради. Тарихий манбаларда у эр. авв. 329 йилда қайд этилган. Бироқ археологик топилмалар Самарқанд шаҳрининг ёши қарийб 2800 ёшга тенг эканлигини кўрсатмоқда.
 
Соҳибқирон Амир Темур салтанатининг пойтахти бўлган Самарқанд шаҳри ва яна бир қатор ўрта асрларда маълум ва машҳур шаҳарлар “Темур тузуклари” асарида алоҳида қайд этилган.
 
Тўғри, мазкур асар кўп маротаба бир нечта тилларга қайта-қайта таржима қилинган. Айрим маълумотларда чалкашликлар, ноаниқликлар, таҳрир натижасида киритилган янги тушунча ва атамалар мавжуд.
 
Бироқ ўрта асрларда шаҳар мақомига эришган йирик шаҳарлар ушбу тарихий ҳужжатда тилга олинганлиги билан аҳамиятли. Биз ушбу қадимги шаҳарларнинг ҳозирги ҳолати билан таққослаш баҳонасида уларнинг тарихини ўрганиш имкониятига эгамиз.
 
Биринчи шаҳар. Хузор
 
Ҳозирда Қашқадарё вилоятининг Ғузор тумани маркази ҳисобланмиш Ғузор шаҳрига 1977 йилда маълум инфратузилмага эга замонавий шаҳар мақоми берилган.
 
“Темур тузуклари” асарнинг “Биринчи китоб” бўлими, “Туғлуқ Темурхон билан учрашганимдан сўнг кўнглимга келган биринчи кенгашим” ҳикоятида ушбу шаҳар “Хузор” номи билан тилга олинган.
 
Демак, Ғузор шаҳрининг ёши 650 йилдан кам эмас. Ўрта асрларда бу маскан бошқа тарихий шаҳарлардек йирик шаҳар қалъасига эга бўлмаган бўлсада, аҳоли зич жойлашган қўрғон бўлганлиги, у ерда ўрта асрларга хос ишлаб чиқариш, савдо-сотиқ, ҳунармандчилик, меъморчилик маълум даражада ривожланганлигини англатади.
 
“Темур тузуклари” асарида 1348–1362 йилларда Мўғулистон хони сифатида тарихда ном қолдирган Туғлуқ Темурхон ўзининг 3 та ҳарбий бўлинмасини Моворауннаҳр диёрига юборгани қайд этилади.
 
Мамлакатни талон-тарож қилиш учун юборилган ҳарбий бўлинмалар Хузор қўрғони атрофига жойлашади. Шунда Амир Темур бобомиз Туғлуқ Темурхон билан учрашиб, уни босқин фикридан қайтаради. Унинг саъй-ҳаракатилари туфайли навбатдаги мўғул босқини маълум муддатга тўхтатилади.
 
Ушбу тарихий воқеа Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида ҳам қайд этилган.
 
Марсель Брионнинг “Менким, Соҳибқирон — жаҳонгир Темур” асарларида ҳам Амир Темурнинг она ватани, яъни ҳозирги Қашқадарё вилоятида жойлашган кўплаб шаҳарлар номи тилга олиниб, Соҳибқирон бу ерда бир қатор ободончилик ишларини олиб боргани ҳақида маълумотлар қайд этилган.
Улуғ БЕК

Теглар:Ўзбекистоннинг қадимги шаҳарлари Соҳибқирон Амир Темур Темур тузуклари Тарихий шаҳарлар номи 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!