...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Реал”нинг трансфер мавсумидаги илк хариди ҳақида нималарни биламиз?


16:52, 04.07.2018 Спорт
 4 433

Ҳа, Бразилияда уни “Янги Неймар” ўрнида кўришаётгандир, бироқ...

“Сантос” клубининг 17 ёшли ҳужумчиси Родриго Сильва де Гоис - “Реал” томонидан жорий ёз сотиб олинган биринчи футболчи. Мадридликлар ушбу исътедодни шундоқ “Барселона” “бурни”нинг остидан илиб кетишди.
 
Ҳар ҳолда, футболчининг отаси Каталонияда бўлиб, “кўк-анорранглилар” вакиллари билан музокара жараёнини бошлаганди. Лекин бу илиб кетиш арзонга тушмади - “Қироллик клуби” 17 ёшли йигитчага нақ 45 миллион евро тўлайди. Лотин Америкаси клублари тарихда бирор футболчи ортидан бунчалик кўп пул олмаганди.
 
Ҳа, Неймар трансфери бор. Бироқ ўшанда “Барселона” томонидан бразилиялик учун тўланган маблағнинг катта қисми футболчининг ҳуқуқларига эгалик қилувчи компанияларга насиб этганди.
 
45 миллион евро — бу ҳаттоки, замонавий футбол ўлчовлари бўйича ҳам салмоқли сумма. Умуман, профессионал даражада атиги 5 та гол урган 17 ёшли йигитчага шунча кўп тўлашнинг ўзи жуда ғалати. Ҳа, Родриго Сильва де Гоис ўта иқтидорлидир, техник қобилияти жуда баланддир, аммо...
 
Ҳа, Бразилияда уни “Янги Неймар” ўрнида кўришаётгандир, бироқ... Ахир Бразилияда ҳар йили ўнлаб шундай “янгилар” кўзга ташланишади ва уларни дарҳол Европа футболига тортишади. Шу ўринда адолат юзасидан айтиш керак, моҳиятан олганда, “Сантос” вундеркинди  — алоҳида истеъдод.
 
Ҳар ҳолда, “Барса”дан ташқари, “Ливерпуль” ва “Манчестер Юнайтед” каби клубларнинг унга жиддий қизиқишгани нималардандир далолат бериб турибди.
 
Яна бир томони, “Сантос” ва Родриго Сильва де Гоис ўртасидаги шартномада каттагина товон пули кўрсатилганди - 50 млн. евро. Демакки, “Реал” белгиланган нархни атиги 5 “лимон”га тушириш уддасидан чиқди, холос.
 
Ўйин услубига келсак, Родриго — классик чап қанот ҳужумчиси. Муҳими, у ҳар икки оёғи билан жуда яхши ўйнайди. Тезкорлиги эвазига кўпинча қанотдан марказ томон силжиб, вазиятга қараб, ўнг ёки чап оёғини ишга солади. Яъни дарвозани нишонга олишни сира пайсалга солмайди.
 
Хуллас, Родригонинг энг катта устунлиги - бу тезлик ва техниканинг ажойиб уйғунлиги. Албатта, ҳар қандай ёш футболчида бўлгани каби камчиликлари ҳам йўқ эмас. Мисол учун, ҳозирча унинг майдонни кўриш қобилияти тўлиқ шаклланмаган, яна гавда тузилиши бўйича жисмоний курашларга тўлиқ тайёр эмас.
 
Родригода рақибларни алдаб ўтиш иштиёқи ҳам меъёридан ортиқроқ ва айни шу ҳолат унга панд беради. Яъни йигитча баъзан соддароқ ҳаракатланиб, ҳужумни ривожлантириш варианти бўла туриб, мураккаброқ йўлдан юради - тўпни узатиш ўрнига 2-3 нафар рақиби орасидан ёриб ўтишга уринади.
 
Тушунарлики, Родриго билан шартнома тузиш “Реал” учун аввало, таркибни кучайтиришга уриниш эмас, балки маркетинг юриши ҳисобланса керак. “Қироллик клуби” шу орқали бразилиялик мухлисларнинг “Мадрид”га бўлган  эътиборларини янада кучайтирмоқчи. Шунингдек, жамоа раҳбарияти оммага келажак учун ҳам ишлаётганини кўрсатиб қўйишни ўйлагани айни ҳақиқат.
 
Замонавий футбол тенденцияларига қарасак, раҳбарият жамоатчиликнинг ижобий муносабатини таъминлаш учун космик даражада харажат қилишга тайёр туриши ҳаммага маълум. Ҳа, Зайниддин Зидан кетиши билан “Реал” яна янги тараққиёт йўлини танлаган кўринади. Бошқача айтсак, қария Флорентино Перес қайта ўйин бошлади...


 
“ИнтерФУТБОЛ” газетаси.

Теглар:Родриго Сильва Реал Мадрид 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!