Янги қарор Осиё қитъасида қўним топган футбол мухлислари учун кутилган янгилик бўлди...
Унга кўра, бутун дунё футбол ишқибозлари интизорлик билан кутадиган Эль-Класико баҳси жорий йилнинг 23 декабрь, шанба куни, Тошкент вақти билан соат 17:00 да “қироллик клуби”нинг уй стадиони — “Сантьяго Бернабеу” стадионида бошланади! Бу ҳақда Испания Ла-Лигасининг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мазкур ўйин аслида, 20 декабрь чоршанба куни бўлиб ўтиши режалаштирилган эди, бироқ Испания ла-лигаси раҳбарлари ўйин куни ҳамда вақтини уч кун ортга суришга қарор қилишди.
Шубҳасиз, мазкур қарор Осиё қитъасида яшайдиган футбол мухлислари, нафақат ўзбекистонлик “Реал” ва “Барселона” мухлислари учун кутилган янгилик бўлди.
Чунки бундан аввал бўлиб ўтган Эль-Класико учрашувлари баъзан кечги соат 23:00 ёки 01:00 да бошланарди.
Испания аниқ вақт бўйича Ўзбекистондан тўрт соат ортда қолади. Яъни ҳозир Мадридда аниқ вақт 05:10, Тошкентда эса соат 09:10 ни кўрсатмоқда.
Маълумот учун, “Барселона” Испания чемпионатининг 10-туридан сўнг 28 очко билан якка пешқадамликни қўлга олган бўлса, “Реал” 20 очко билан турнир жадвалида 3-ўринни эгаллаб турибди.