...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Реал” шунчаки рақибни янчиб ташлади, Роналду яна ўзини кўрсатди


14:51, 10.12.2017 Спорт
 3 147

“Қироллик клуби” етакчиси Криштиану Роналду учрашувда дубль муаллифига айланди.

Кеча, 9 декабрь куни Испания Ла-Лигасининг 15-туридан ўринг олган “Реал” ҳамда “Севилья” клублари ўртасидаги учрашув бўлиб ўтди.
 
Голларга бой бўлган баҳсда мадридликлар йирик ҳисобдаги ғалабани қўлга киритдилар.
 
Ўйин дебютидаёқ мезбонлар стандарт вазиятдан унумли фойдаландилар: Начо бурчак зарбасидан тўпни рақиб дарвозасига аниқ йўналтирди ва жамоасини олдинга олиб чиқди.
 
Учрашувнинг 23-дақиқасида Марко Асенсио аниқ тўп узатиш билан Криштиано Роналдуни рақиб посбони билан яккама-якка вазиятга чиқарди.
 
Португалиялик футболчи ушбу вазиятни кўкка совурмади ва ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди.
 
31-дақиқа ўтиб бораётган бир вақтда, “Севилья” ҳимоячиси ўз жарима майдони ичида қўл билан ўйнади, бунинг натижасида юзага келган пенальтини Роналду аниқ бажарди ва учрашувдаги дублини нишонлади.
 
Учрашувнинг 38-дақиқасида Тони Кроос ўзи бошлаб берган ҳужумни чиройли якунлаб қўйди, Лукас Васкес билан девор услубида ўйнаган германиялик футболчи, аниқ зарба билан меҳмонлар дарвозабонини доғда қолдирди.
 
Орадан кўп ўтмай мадридликларнинг навбатдаги қарши ҳужуми самарали якунланди.
 
Майдон марказида тўпни қабул қилиб олган Ролалду уни Карим Бенземага узатди, ўз навбатида франиялик ҳужумчи битта ҳаракат билан Ашраф Ҳакимини қулай вазиятга чиқарди.
 
Ёш ҳимоячи эса сувуққонлик билан тўпни дарвозага жойлаб қўйди ва “Реал” таркибидаги илк голини нишонлади.
 
Иккинчи бўлимда ҳам мезбонлар бир қатор қулай вазиятларга эга бўлдилар, бироқ дарвозалар бошқа ишғол қилинмади.
 
Шу тариқа, мадридликлар клублар ўртасидаги ЖЧга юқори кайфиятда йўл оладиган бўлишди.
 
Маълумот учун, “қироллик клуби” ушбу ғалабадан сўнг 31 очко жамғариб, асосий рақобатчилари “Барселона” ва “Валенсия” клубларидан сўнг учинчи ўринга жойлашиб олди.
 
Испания чемпионати, 16-тур.
 
“Реал Мадрид” – “Севилья” 5:0.
Голлар: Начо (3), Роналду (23, 31, пенальти), Кроос (38), Ҳакими (42).
 
“Реал Мадрид”: Навас, Вальехо, Марсело, Хакими, Начо, Васкес, Кроос (Льоренте, 63), Модрич (Себальос, 71), Асенсио, Бензема, Роналду (Иско, 76).
 
“Севилья”: Рико, Кьер, Кароль, Меркадо, Лангле, Васкес (Гайс, 71), Писарро, Навас, Банега (Крон-Дели, 81), Нолито (Сарабия, 57), Муриэль.
 
Огоҳлантиришлар: Навас (31), Банега (37).
 
Таъкидлаб ўтиш жоизки, ўйин бошланмасдан аввал Криштиану Роналду “Саньтяго Бернабеу” стадионига йиғилган мухлисларга ўзининг бешинчи “Олтин тўп”ини намойиш этди.
 
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Реал Севилья Испания Ла-Лигаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!