Бу қонун-қоидалар “Ўзбекконцерт” фаолиятида муқим ўрнини топмас экан, раҳбар тугул котиба ўзгарса ҳам, янги қарорлар ўйлаб топилаверади.
Кўчпиликка маълумки, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси шу ойдан бошлаб эндигина лицензия олмоқчи бўлган хонандаларга лицензияни қўш-қўллаб топширишни маъқул кўрмай, уларга жонли ижрода қўшиқ куйлатишни, овозини устоз санъаткорлар, бадиий кенгаш аъзолари олдида синовдан ўтказишни мақсад қилди. Биринчи йиғилишда 32 нафар ёш ижрочи лицензияга даъвогарлик қилиб, жонли ижрода ўзларини синаб кўришди. Бироқ, улардан неча нафари лицензия олдию қанчасининг тарвузи қўлтиғидан тушиб қайтди, буниси мавҳумлигича қолмоқда.
Бугунга қадар Ўзбекистонда 3 мингдан ортиқ ижодкор “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш имконини берувчи лицензияни қўлга киритган. Табиийки, улар орасида ўз кучи, овози, маҳорати билан чиқиб келаётган ёшлар талайгина. Бироқ кўз юмиб бўлмас яна бир ҳолат борки, лицензия олганларнинг кўпчилик қисми ўша қоматию қайрилган кипригига, эл орасидаги машҳурлиги ва албатта, чўнтагидаги ақчасига ишонганлардир. Хўш, “Ўзбекконцерт” Ўзбекистонда жонли ижронинг ривожланишига жиддий бел боғлаган экан, бундан бир неча йил аввал лицензия олганларни ҳам қайта синовдан ўтказиши керак эмасми?
Аслини олиб қарайдиган бўлсак, бу “Ўзбекконцерт” фаолиятидаги тарихий воқеа эмас. Ташкилотга қачон янги раҳбар келса, биринчи ишни лицензия бериш қоидаларини ўзгартириш, жонли ижрони кучайтириш, хонандаларни тарбиялашдан бошлайди. 6 ойга ҳам етмайдиган бу янгиликлардан халқ ҳам, ОАВ ҳам чарчади. Ҳар гал худди бирор оламшумул янгиликка қўл урилаётгандек, “Энди мана бундоқ бўлади”, деб бонг уриладию орадан вақт ўтиб, вазиятни текшириб кўрмоқчи бўлсангиз, айтилганлар амалда ўз исботини топмаганига гувоҳ бўласиз.
2008-2014 йилларда “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси (“Ўзбекнаво”)нинг раҳбари бўлиб фаолият юритган, 2017 йилнинг май ойидан буён “Ўзбекконцерт” давлат муассаси директори вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимида ишлаб келаётган Азамат Ҳайдаров 2011 йилда “Марди майдон” жонли ижродаги қўшиқлар фестивалини йўлга қўйган эди ва қўшиқчилар энди лицензияни жонли ижрода куйлаб олишларини айтганди. Кўп ўтмай, Азамат Ҳайдаров курсисини Баҳодир Аҳмедов эгаллади. “Марди майдон” йўқ қилинди. Орадан бир мунча вақт ўтиб, янги раҳбар ҳам энди лицензия хонандаларнинг жонли ижрода қандай куйлай олишига қараб берилишини айтиб чиқди. Айтилганлар амалга ошмай туриб, раҳбар вазир лавозимига кўтарилди, сўнг яна янги раҳбар, эски таклифлар янги мажлисларда ўртага ташланди. Натижа эса эскилигича қолиб кетаверди. Азамат Ҳайдаров шу йил “Ўзбекконцерт” раҳбарлигига келиши биланоқ “Марди майдон”ни тиклашга киришди, хонандаларнинг жонли ижрода куйлаб, лицензия олишлари таклифини киритди ва буни амалга оширди. Шу ўринда савол туғилади: “Ўзбекконцерт” раҳбариятида яна ўзгариш бўлса, лойиҳалар, жонли ижро ҳақидаги гаплар стол устида қолиб кетаверадими? Ҳар гал раҳбар ўзгарганда ташкилотдаги қонун-қоидалар ҳам ўзгараверса, унинг гапига, янги лойиҳаларига ким ишонади, талабларига ким риоя қилади? Энди хонандалар лицензия олишлари учун комиссия қаршисида жонли ижрода қўшиқ куйлашлари керак бўлса, аввалги раҳбарлар даврида лицензия олганларни ҳам худди шу синовдан ўтказиш керак эмасми? Ўшанда сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиш учун имкон туғилармиди.
“Ўзбекконцерт”га бир нуқта атрофида айланиб, 10 йиллик ғоя, 10 йиллик лойиҳани ҳам янгидек шов-шув қилиш одатга айланиб қолди. Ўғирланган қўшиқлар устида назорат кучайтирилади, “плагиат” қўшиқлар эфирга берилмайди, деган гапларни деярли ҳар йили эшитамиз. Аммо натижа қани? Бу қонун-қоидалар ташкилот фаолиятида муқим ўрнини топмас экан, раҳбар тугул котиба ўзгарса ҳам, янги қарорлар ўйлаб топилаверади, аммо натижаси бўлмайди.
“Ўзбеккоцерт”дан фалончи таниқли хонанда жонли ижрода куйлай олмагани учун лицензиясидан маҳрум этилди, деган хабарни қизил қор ёғганда эшитсак керак. Сўнгги хулосани сиздан эшитамиз, “Ўзбекконцерт”чилар.