...
МЕНЮ
ONLINE TV

Қозоғистоннинг собиқ Бош вазири 10 йилга озодликдан маҳрум этилди


20:09, 11.12.2015 Олам
 3 390

Қозоғистон Бош вазири Серик Аҳметов 10 йилга қамалди. У давлат мулкини талон-тарож этиб, ўз лавозимини суистеъмол қилганликда ва ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганликда айбдор деб топилди.

Қозоғистон Республикасининг собиқ Бош вазири Серик Аҳметов коррупцияда айбдор деб топилиб, ўн йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Новости-Казахстан интернет сайти хабар бермоқда.

Бундан олдин давлат ҳукумати олий суддан Аҳметовни 12 йилга озодликдан маҳрум қилишни ва бор мол-мулкини мусодара этишни сўраб мурожаат қилган эди. Ушбу жиноят иши Қараганда вилоятининг Жиноят ишлари бўйича махсус туманлараро судида муҳокама этилган. Суд қарорига кўра, Аҳметов давлат мулкини талон-тарож этиб, ўз лавозимини суистеъмол қилганликда ва ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганликда айбланди.

Сўнгги сўз ўрнида у Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевдан кечирим сўраб, унинг умидларини оқлай олмаганидан ва уни ташвишга қўйганидан афсусда эканлигини таъкидлаб ўтди. Айбдорлар қаторида собиқ Бош вазирдан ташқари, Қараганда вилояти ва шаҳрининг собиқ амалдорлари ҳам мавжуд. Улар ҳам коррупцияда, ўз лавозимини суистеъмол қилганликда айбланмоқда.

Эслатиб ўтиш жоизки, 2014 йил ноябрда Серик Аҳметов қўлга олиниб, унга нисбатан уй қамоғи жазоси тайинланган эди. 2015 йил 13 мартда эса унинг бўйнига Қозоғистон Республикаси жиноят кодексининг тўртта моддаси билан айбловлар қўйилди.

Серик Аҳметов фаолиятини Қараганда вилоятида бошлаган. Аввал Темиртау тумани ҳокими, Қараганда шаҳрининг ҳокими, кейин эса Транспорт вазири лавозимида ишлаган. 2011 йилда Қозоғистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллаган. 2012-2014 йилларда эса ҳукуматни бошқарган.
Адиз Аҳмедов

Теглар:Серик Аҳметов Қозоғистон 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!