...
МЕНЮ
ONLINE TV

Қонунни бузган спортчининг мураббийи лицензиясиз қолди


19:56, 14.08.2018 Спорт
 10 866

Спортчида юзага келадиган ноҳуш ҳолатлар учун федерациялар ва мураббийлар масъул эканлиги айтилди.

Кеча, 13 август куни Миллий олимпия қўмитасида профилактик йиғилиш ташкил қилинди. Унда МОҚ Бош котиби Жасур Матчанов, Ички ишлар вазирлиги Тошкент шаҳар Бош бошқармаси масъул ходими Умид Қурбонов, МОҚ департамент бош мутахассиси Сардор Тошхўжаев, яккакураш спорт турлари федерациялари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
 
Профилактика тадбирида спортчиларни тўғри йўналишда тарбиялаш, уларнинг турли қинғир йўлларга кириб кетишини олдини олиш, бу борада спорт федерациялари ва мураббийлар масъулиятини ошириш лозимлиги қайд этилди.
 
Спортчида юзага келадиган ноҳуш ҳолатлар учун федерациялар ва мураббийлар масъул эканлиги, бу борада назоратни янада кучайтириш лозимлиги айтилди. Бордию, келажакда спортчи билан боғлиқ ноҳуш ҳолатлар рўй берадиган бўлса уни назорат қилмаган мураббийнинг лицензиясини олиб қўйиш жазоси ҳам қўлланилиши мумкинлиги бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
 
Тадбир давомида шунингдек, спортчилар терма жамоадаги фаолиятини якунлаганидан сўнг ўз ҳолича ташлаб қўйиш керак эмаслиги, уларга мураббийлик билан шуғулланиш имкониятини яратиб, келажакда янгидан-янги чемпионларни тарбиялаш лозимлиги айтилди.
 
Аслида яккакурашчи ватан ҳимоячисидек шарафли касб эгасига тенглаштирилади. Аммо, уларга тўғри йўналиш берилмаса жамият учун бу ҳавфли кўринишга олиб келиниши мумкинлиги таъкидланди. Бу борада турли мисоллар келтириб ўтилди.
 
Йиғилиш якунида тажрибали мураббийлар спортчиларни назоратсиз қолдириш, маънавий қолоқликда тарбиялаш ёмон ҳолатларга сабаб бўлиши ҳақида турли воқеаларни гапириб беришди. Рўй бериши мумкин бўлган ёқимсиз ҳодисаларни олдини олиш борасида ўз таклифларини билдириб ўтишди.
 
Эслатиб ўтамиз, 8 август куни эркин курашчи, халқаро тоифадаги спорт устаси Жамшид Кенжаев тунги клубдаги жанжалда юз берган пичоқбозлик сабаб ҳалок бўлгаанди.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Жамшид Кенжаев МОҚ 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!