...
МЕНЮ
ONLINE TV

Қирғизистоннинг сайланган президенти инаугурация маросимини ўтказадими?


09:51, 17.11.2017 Олам
 2 546

Янги сайланган президент “Ала-Арча” қароргоҳида қасамёд қабул қилади.

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сооронбай Жээнбековни Қирғизистон Республикаси президенти лавозимига сайлангани муносабати билан табриклагани ҳақида маълумот берган эдик.
 
Қирғизистоннинг сайланган президенти Сооронбай Жээнбековнинг ўз лавозимини бажаришга киришиш маросимига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш ташкилий қўмитаси йиғилишида бу маросим ўтадиган жой ва сана маълум қилинди.
 
Қирғизистон Президенти девонининг маълумотларига кўра, президент сифатида сайланган Сооронбай Жээнбековнинг инаугурацияси маросими Бишкекдаги “Ала-Арча” давлат қароргоҳида бўлиб ўтади. “Эне-Сай” қабуллар уйи маросим учун танланган. Маросимни ўтказиш санаси этиб 24 ноябрь (маҳаллий вақт билан соат 10.00да) белгиланган.
 
Маълумот учун, Сооронбай Жээнбеков 1958 йил 16 ноябрда Ўш вилоятида таваллуд топган.
 
1983 йилда Қишлоқ хўжалик институтини зооинженер мутахассислиги бўйича тамомлаган. Қишлоқ партия қўмитасининг котиби ҳамда колхоз хўжалиги бошлиғи лавозимида фаолият юритган.
 
1996 йилда Қирғизистон парламентига сайланган ҳамда депутатлик курсисида қарийб 11 йил фаолият олиб борган. 2007 йилда президент Курманбек Бакиев даврида қишлоқ, сув хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири лавозимида ишлаб, 2010 йилда муваққат инқилобий ҳукумат таркибида Ўш вилояти давлат маъмуриятини бошқарган.
 
2016 йилда президент девони раҳбарининг биринчи ўринбосари, 2016 йилнинг апрелида Қирғизистон Республикаси Социал-демократик партияси (СДПК) ташаббуси билан Сооронбай Жээнбеков Қирғизистон Республикасининг бош вазири этиб тайинланган.
 
2017 йил май ойида президентликка номзод қилиб кўрсатилгач, қонунчиликка кўра, Жээнбеков ҳукумат бошлиғи лавозимидан сайловда иштирок этиши туфайли расмий равишда истеъфога чиққан эди.
Зоҳиршоҳ Жўраев

Теглар:Сооронбай Жээнеков Қирғизистон Республикаси Инаугурация маросими 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!