...
МЕНЮ
ONLINE TV

Одил Аҳмедов сардор сифатида бор гапни очиқчасига баён этди


10:58, 08.09.2017 Спорт
 22 490

Терма жамоа сардори “Спорт” телерадиоканалининг “Гол” кўрсатуви меҳмони бўлди ва унда ўз мулоҳазаларини баён этди.

Аввал хабар берганимиздек, футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов “Спорт” телерадиоканалининг “Гол” дастури меҳмони бўлди ва ЖЧ саралашидаги муваффақиятсизликлар ҳақида очиқчасига фикр билдирди.
 
“...Сўнгги босқичда жуда кам гол урдик ва Хитой билан ўйинни инобатга олмасак, голли вазиятлар яратишда ҳам оқсадик. ЖЧга чиқиш вазифасини бажариш учун эса кўп гол уриш ва керакли очколарни ишлашимиз шарт эди.
 
Энг ачинарлиси, ҳужумчиларимиз ўз ишларини бажара олишмади. Уларнинг муваффақиятсиз ҳаракатлари бизни оғир вазиятга тушириб қўйди. Керакли голларни кўкга совуришди.
 
Хитой билан баҳсда ғалаба қозониш шарт эди. Уч-тўртта юз фоизлик имкониятлардан фойдалана олмадик. Жанубий Кореяни ютиш, мантиқан олиб қараганда, анча оғир иш саналади. Чунки уларга гол уриш қийин. Шунинг учун ҳам Хитойдан очко олиб қайтишимиз керак эди.
 
Тўғри, Хитой футболи ҳозир ривожланиш йўлида. Ўзим ҳам Хитой чемпионатда ўйнайман ва ҳар бир клубда кучли легионер футболчилар бор. Уларга қараб маҳаллий футболчилар ҳам ўсишда давом этмоқда. Масалан, Хитой охирги иккита ўйинда 6 очко олди. Аммо уларни енгганимизда, вазифа анча осонлашарди.
 
Жанубий Корея эса кучли рақиб. Иккинчи бўлимда улар бизни ёпиб қўя олишди. Корея ҳимояга умуман эътибор қаратмасдан, бор кучни ярим ҳимоямизни ёпишга қаратди. Улар ярим ҳимояда шу қадар кучли прессинг қилишдики, ўйинимиз йўқолиб қолди. Бу жуда яхши ўйланган тактика эди.
 
Қайси мураббий билан ишламаган бўлсам, футболда охиригача курашиш кераклиги айтилади. Майдонга чиқдингми, 95 дақиқа ўйнашга тайёр туриш керак.
 
Биз эса 85 дақиқадан сўнг хотиржамликка берилиб ёки гол уриш учун олдинга ўтиб кетиб, хатоларга йўл қўйдик. Саралашнинг сўнгги босқичида биттагина хато ҳам қимматга тушади.
 
Кўрсатувга атайлаб барча саволларга жавоб бериш учун келдим. Терма жамоа сардори сифатида мухлисларга бор гапни очиқ айтишим шарт.
 
Футболчилар ютқазиб қўйгандан кейин саволларга жавоб бермай кетиб қолди, деган гап-сўзлар менга тўғри келмайди. Шунинг учун кўрсатувга келиш таклифини инкор этолмадим.
 
Наманганда футболни яхши тушунмайдиган инсонлар ишлашади, шундай бўлсада у ерда футболни ривожлантириш учун барча ҳаражатларни ёнимдан сарф қилиб, шахсий футбол мактабимни очдим. Бунинг натижаси Ўзбекистон футболи учун келажакда албатта фойда беради, деб ўйлайман”, дейди Одил Аҳмедов.
 
Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси Тошкентда Жанубий Корея билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади, параллел равишда ўтган Эрон–Сурия баҳси эса 2:2 ҳисобида якунланди.
 
Айнан шу натижа Ўзбекистонни 2018 йил Россияда ўтадиган жаҳон чемпионати йўлланмасидан маҳрум этди ва 9 та ўйиндан бери ўз дарвозасидан гол ўтказмаётган Эрон Суриядан 2 та гол ўтказиб юборди ва бу натижа бўйича ҳозирда ФИФА ва ОФК ташкилотлари текшириш ишларини олиб боришмоқда.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Одил Аҳмедов Гол кўрсатуви Ўзбекистон Миллий терма жамоаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

islom
18:01 08.09.2017

Nima uchun nima uchun nima uchun .......... xamma imkoniyatlar yetarli edi nima uchu boshqa jamolar ........... afsus.....



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!