...
МЕНЮ
ONLINE TV

Одам оёғи узилган маскан: Чернобиль фожиасига 30 йил тўлди


12:06, 26.04.2016 Олам
 4 928

АЭС портлаши туфайли Чернобиль шаҳри кимсасиз ҳудудга айланиб қолди.

1986 йил 26 апрель куни Украинанинг Чернобиль шаҳридаги атом электр станциясида кучли портлаш келиб чиққан эди. Натижада мисли кўрилмаган радиактив моддалар тарқалиб атроф-муҳитга жиддий зарар етказган эди. Бугун мана шу фожиага 30 йил тўлди.
 
Мазкур фалокат юз беришининг бир қанча сабаблари айтилган. АЭС ходимларининг қўпол хатоси туфайли, яъни турбогенератор ротори қувватидан станция ускуналарини электр билан таъминлаш устида қилинган тажриба аварияга олиб келган.
 
Фалокат бошланган пайтда 30 километрлик радиусдаги ҳудуддан 115 минг киши эвакуация қилинган. Авариядан кейин радиоактив нурлардан зарарланиш оқибатида уч ой ичида 31 киши ҳалок бўлди.  Кейинги 15 йилда эса 80 киши радиоактив нурлар таъсирида вафот этди. Фалокат оқибатларини бартараф этиш учун 600 минг киши сафарбар этилди.
 
Чернобилдаги фожиа Хиросима ва Нагасакидаги фалокатдан кўлами жиҳатдан кейинги ўринда туради. Гарчи Япония шаҳарларида бўлганидек кўплаб одамлар ҳалок бўлмаган бўлсада, атроф-муҳит радиоактив нурлардан кучли зарарланди ва бунинг асорати 30 йил ўтиб ҳам мавжуд.  Чернобилда табиат деярли ҳалокатга учраган. 

Қанчадан-қанча одамлар радиоактив нурлардан зарарланган.  Бу ҳаттоки уларнинг генларига ҳам салбий таъсир этди. Вақт ўтган сайин инсон организмини ишдан чиқарадиган бундай нурлар кўплаб одамларнинг бевақт вафот этишига сабаб бўлмоқда.
 
Ҳозирги кунда АЭС атрофидаги ҳудудлар радиация билан зарарлангани туфайли, у ерда ҳаёт кечиришнинг иложи йўқ.  Мазкур ҳудудда расман яшашга рухсат этилмаган бўлсада, ўзининг қадрдон ўлкасини ташлаб кетишга кўзи қиймаган кишилар ҳамон яшаб келмоқда. Ҳозирда бу ерда тахминан 157 киши истиқомат қилади.
 
Маълумотларга кўра, Чернобиль АЭСининг авария бўлган реакторини ёпиш ишлари олиб борилмоқда ва бу ерда 2.5 минг киши меҳнат қиляпти.  Бундан ташқари,  мазкур ҳудудда махсус тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи 6.5 минг ишчи бор. 
 
2016 йилнинг ноябрь ойида АЭСнинг авария юз берган реакторини беркитиш учун “Укрытие” (Саркофаг деб ҳам юритилади) аркасини қуриш бошланади. 2017 йилда қурилиш ишлари ўз ниҳоясига этади. Лойиҳа устида Франциянинг Новарка консорциуми иш олиб бормоқда.
Руслан Сулаймонов

Теглар:Украина Чернобиль АЭС 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!