...
МЕНЮ
ONLINE TV

Мосулда 10 мингдан ортиқ аҳоли ИШИД чангалидан қочишга муваффақ бўлди


10:44, 27.10.2016 Олам
 2 644

Улар мамлакат ташқарисидаги махсус ётоқхоналар ва чодирларга жойлаштирилмоқда.

Бир неча кун аввал, Ироқнинг Мосул шаҳрига жойлашиб олган ИШИД жангариларини йўқ қилишга қаратилган ҳарбий операция бошлангани ҳақида хабар берган эдик. БМТнинг ҳарбий операция вақтида тинч аҳоли вакиллари ҳам нобуд бўлишлари борасидаги ҳавотирларига қарамай, террорчиларга қарши курашиш ишлари жадал равишда олиб борилмоқда. Чунки ИШИДни йўқ қилишнинг ягона йўли уларга қарши курашишдир.
 
Ҳарбий ҳаракатлар вақтида БМТ Мосулдаги гуманитар ёрдам ташкилотларига аҳолига керакли маҳсулотларни етказиб бермоқда.
 
Айни дамда ИШИД босиб олган Мосул шаҳридан қарийб 10,5 минг киши қочишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда БМТ матбуот котиби Нью-Йоркдаги брифинг вақтида хабар берди, деб ёзади Интерфакс.
 
Аслида бу одамлар ўзлари туғилиб ўсган масканни, уйларини ташлаб қочишган. Бироқ тинч аҳоли вакиллари учун бу тирик қолишнинг ягона йўли эди.
 
Қочишга муваффақ бўлган 10,5 минг киши мамлакат ташқарисида ташкил этилган махсус ётоқхоналар, лагерларга жойлаштирилмоқда.
 
БМТ берган маълумотларга кўра, Қочоқлар бўйича ҳалқаро ташкилот ходимлари Мосулдан келган аҳолига чодир етказиб бермоқда. Уларга жами 7200 дона чодир етказиб берилади.
 
Эслатиб ўтамиз, 17 октябрь куни Ироқ Бош вазири Ҳайдар ал-Абади Мосулни террорстлардан озод этиш бўйича яна бир ҳарбий операция бошланганини эълон қилганди. Ироқ Бош вазирнинг ИШИДга ҳужум бошлангани ҳақидаги маълумотидан сўнг, БМТнинг хавотири янада ортди. Чунки, террористларга қарши ҳарбий операциялар давомида ИШИД жангарилари чангалида асирликда ҳаёт кечираётган 1,5 миллион маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам хавф остида қолиши мумкин.
 
Ироқнинг Мосул шаҳри 2014 йилда ИШИД томонидан босиб олинган. Уруш ва ваҳшийликлардан омон қолиш истагида кўплаб тинч аҳоли вакиллари уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлишган.
 
Тахминий маълумотларга кўра, айни вақтда ИШИД чангалидаги Мосулда 1,3-1,5 миллион аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг барчаси террористик гуруҳ асирлари саналади. Ҳарбий операциялар биринчи навбатда ана шу аҳоли вакилларини, қолаверса, шаҳарни террористик гуруҳдан озод этишга қаратилган.
Умида Якубова

Теглар:Мосул ИШИД 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!