...
МЕНЮ
ONLINE TV

Чўмичда бори қозонга тушади


19:45, 21.06.2017 Спорт
 12 717

Лекин айниган овқатдан сиз ҳам бир марта воз кечиб кўринг, қозонни тозаланг-чи.

Халқимизда ажойиб мақол бор: “Қозонда бори чўмичга чиқади”. Мазмунини биласиз. Бугун ўзбек футболи ҳақида мана шу мақолнинг янгича талқини хаёлга келиб қолди. Аслида ҳар икки вариант ҳам мос тушади.
 
Тасаввур қилинг, Ўзбекистон терма жамоаси катта бир қозон. Унинг ичидаги “масаллиқлар”ни қозон хўжайини танлайди. Муддати ўтган, яроқсиз, сифатсиз бўлса ҳам, жабрини бошқалар эмас, “хўжайин” кўриши керак аслида. Лекин ҳозирги пайтда сал бошқачароқ ҳолат кузатилмоқда. Шунинг учун ҳам мақол ўзгарди.
 
“Чўмичда бори қозонга тушади”. Қанақа масаллиқ билан тайёрламанг, овқат бемаза чиқса, айб ошпазда ёки яна ўша “хўжайин”да бўлади. Овқатни истеъмол қилишни истамайсиз ва қайтариб қозонга тўкасиз. Ана унда чўмичда бори қозонга яна қайтиб тушган ҳисобланади. Шу зайлда “овқат” қозонда қолиб кетади, кейин уни тўкиб ташлаб, қозонни ювиш керак.
 
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам айнан мана шу қозонга ўхшаб турибди. Ичидаги “масаллиқлари” эскирган ёки сифатсиз, тайёрланган “овқат” эса (натижалар) бемаза, ҳеч кимга ёқмаяпти. Лекин “ошпаз” ёки “хўжайин” мана шу қозондаги “овқат”дан воз кечиб, уни “тозалаш”ни истамаяпти негадир.
 
Бугун Халқаро пресс-клубда спорт мавзусига бағишланган мулоқот бўлиб ўтди. Ўзбек футбол ишқибозлари бу кунни кутаётган эди. Лекин мулоқотда на ЎФФ президенти Мираброр Усмонов ва на терма жамоа бош мураббийи Самвел Бабаян иштирок этди. Мираброр Усмонов нега иштирок этиши керак, деган савол туғилиб қолиши мумкин. Нега қатнашмасин? Ахир Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов шахсан ўзи журналистлар билан мулоқот қилди-ку!
 
Майли, бошқа мавзуга ўтамиз. Ўша мулоқотда бошловчи ЎФФ Бош котиби Сардор Раҳматуллаевга мухлислар номидан ажойиб “совға” берди: пуфлаб иширилган шар ва унга “ишонч” сўзи ёзилган эди. Бу ҳолатни ҳар ким ўзича тушунди. Биз ҳам.
 

 
Мана шу мулоқотда ЎФФнинг Келишилган ўйинларга қарши масъул офицери Ахрол Иноятов болалар спортига оид аччиқ гапларни айтиб ўтди. Қўшиламиз. Ўзингиз ҳам қўшилсангиз бўлди. Аммо бир гапи ёқмади: терма жамоа ютса, ҳамма мақтайди, ютқазса, ерга уради...
 
Сиз шундай ишлангки, биз бир умр мақтайлик.
 
Ўзбекистон терма жамоаси ажойиб ўйин кўрсатсин, натижа ўз-ўзидан ажойиб бўлади, биз кўкларга кўтаришга тайёрмиз.
 
Болаларимиз клуб академиялари ёки мактабларга футбол ўйнайман деб борганда бажонидил қабул қилинг, уларни ўйнатиб, керакли кадрларни тайёрланг, сизга фақат таҳсинлар айтамиз.
 
Бироқ мақтов ҳаммага ёқади ва давомли бўлишини истайди, ҳеч тугамаса. Гўёки журналистлар танқидини эътиборга олиб, қайсидир мураббий ёки футболчини вақтинчалик бўлса-да, термадан ҳайдагандек гапирманг. Сизлар ЎФФ номидан сўзлаяпсиз.
 
Овқат мазали бўлса, ҳар сафар шу йўсинда таомланишга, бир хил егулик ейишга розимиз. Лекин айниган овқатдан сиз ҳам бир марта воз кечиб кўринг, қозонни тозаланг-чи. Биз ҳам тоза қозонда пишган мазали таомни ҳузурланиб ейлик. Ана ундан кейин мақташга тайёрмиз.
 
Тажрибали мураббий Рауф Инилеев “Боримиз шу”, деганида қанча маломатга қолганди. Аслида у ҳақиқатни айтганини энди тушуниб етяпмиз.
Бобур Жалолов

Теглар:Самвел Бабаян Ўзбекистон терма жамоаси Мираброр Усмонов ЎФФ 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!