...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Динамо” раҳбарияти эшитсин! Пулсиз футболчи саратон билан курашмоқда


16:41, 02.05.2018 Спорт
 4 863

Собиқ футболчи пешона тери билан топган пулларини талаб қилмоқда.

Авваллари ҳам ўзбек футболида клубларнинг ўйинчилар маошини вақтида тўламагани билан боғлиқ муаммолар борлигини кўп кузатганмиз. Аммо Самарқанднинг “Динамо” клуби бу борада бепарволикни ошириб юбормоқда.
 
Жумладан, жамоанинг собиқ футболчиси Сирожиддин Сайфиев ҳозирга қадар ўзи туп сурган пайтдаги маошини ололмаганини маълум қилди.
 
У саратон касаллиги билан оғриб қолгани, шу боис ҳозирда Россия пойтахти Москва шаҳрида даволанишда экани ва бунга пули етмаётганини ҳам билдириб ўтган.
 
Сирожиддиннинг бу ҳақида ёзган мактуби “Зарафшон” нашрида эълон қилинди. Унда футболчи қуйидагиларни билдириб ўтган:
 
Мен бу ерда (Москвада) ҳаёт билан курашяпман! Яқинларим, дўстларим билан яна аввалгидек бирга бўлиш учун ҳаракат қиляпман. Аммо “Динамо” клуби раҳбари Шуҳрат Ҳотамов ва Фонд бошлиғи Бахтиёр Жўраевлар неча йилдирки мени алдаб, пешона терим билан топган пулларимни бермаяпти”. Натижада мана икки ҳафтадирки муолажа ололмаяпман.  Бу ерда муолажасиз ўтаётган ҳар бир куним ҳаётимга зиён. Ҳар дақиқа мен учун ғанимат. Аммо улар буни тушунмаяпти. Тушунишни истамаяпти”.
 
Маълум бўлишича, “Динамо” клуби раҳбариятининг футболчи Сирожиддиндан 40 млн сўм миқдорда қарздорлиги бор.
 
Футболчи расмийлардан фақатгина пешона тери билан топган пулларини талаб қиляпти. Аммо клуб раҳбарияти ўйинчини шу кунга қадар алдаб келмоқда.
 
Айрим мутасаддилар футболни ривожлантиришга бел боғлаган бўлса, айримлари унинг тараққий этишига болта уриш билан оввора.
 
Биз бошқа минтақа футболида мана шундай аҳволга тушиб қолган футболчилар қандай қўллаб-қувватланишини Эрик Абидаль, Алан Стаббс, Жон Хартсон, Йоҳан Круиф каби ўйинчилар мисолида кўрганмиз.
 
“Динамо” клуби раҳбарияти ҳам бошдан дўппини олиб, бу дунёда инсон деган тушунча нақадар азиз эканлигини ўйлаб кўриб, бу масалани ҳал қилса, ҳаста футболчига ёрдам кўрсатишни ташкиллаштирса, ўз бурчини бажарган ҳисобланарди.
 
Ушбу муаммонинг клуб раҳбарияти томонидан қанчалик эътиборга олиниши ва тегишли ечим топишини, вақт кўрсатади. Ва биз, албатта, бу мавзуга қайтамиз!
 
Маълумот ўрнида, Сирожжин Сайфиев 1982 йилда Самарқандда туғилган. Ўзининг футболчилик фаолияти давомида Самарқанднинг “Динамо”, Ғузорнинг “Шўртан” ва Қозоғистоннинг “Тароз” клублари сафида тўп сурган. У Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ футболчиси ҳамдир.
Темур Назаров

Теглар:Динамо Клуб саратон 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!