...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шароф Убайдуллаев “Ўзбекэнерго” раҳбариятига: “Ичкаридаги ўғриларни тугатдингизми, қачон тугатасиз?”


15:29, 04.10.2018 Жамият
 12 246

Кеча, 3 октябрь куни “Халқаро пресс-клуб”нинг “Энергетика ресурслари: ислоҳотлар даврида тежамкорлик ва истеъмол маданиятидаги муаммоларнинг таҳлили” мавзуидаги сессияси бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик. Унда бир вақтлар “Озодлик” радиосида фаолият юритган журналист, айни вақтда “Нуроний” жамғармаси Республика бошқаруви раиси ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган Шароф Убайдуллаев ҳам иштирок этиб, “Ўзбекэнерго” АЖ раиси ўринбосари Рўзиқул Раимов ва Мажбурий ижро бюроси директори ўринбосари Шоҳруҳ Аминовга ўта жиддий саволлар билан мурожаат қилди. У сўзида эътиборни энергетика соҳасида коррупцияга қаратди.
 
“Жуда катта эътироз бор: мана, фахрийлар менга айтишаяпти, “Ўзбекэнерго”нинг ичидаги ўғриларни тугатдингизми, қачон тугатасиз? Масалан, Тошкентда 1300 та трансформаторни сотиб юборган сизнинг раҳбарларингиз. 1300 та, ҳар бир тумандан ўртача 120−130 та трансформатор. Буларнинг олди 50 минг, 1000−1600 деганлари 10−15 минг доллар туради. Қаёққа сотилди? Чунки бизда кейинги пайтда хусусий корхоналар пайдо бўлди, ғишт заводи, сут заводи, иссиқхоналар… Буларнинг барчасига трансформатор керак. Сиз эса “капейка"ни тўғрилайлик деб чақираяпсиз”, дея мурожаат қилди Убайдуллаев “Ўзбекэнерго” раиси ўринбосари Рўзиқул Раимовга.
 
Шароф Убайдуллаев ҳукумат ва президент журналистларга ҳақиқатни очиқ айтиш талабини қўяётганини, кейинги вақтларда жуда кўп вазирлар ўзгаргани, ўзгараётгани, бироқ натижа бўлмаётганини алоҳида қайд этди. 


 
“Биргина Тошкент шаҳрида 1300 та трансформатор сотиб юборилса, буни назорат қиладиган прокурорлар йўқми, сизнинг иштирокингиз йўқми?”, дея Шоҳруҳ Аминовга юзланди Убайдуллаев.
 
“Сиз 500 сўм-1000 сўм тўлай олмаган фахрийлар, ногиронларнинг ортидан қувиб юрибсиз, бизда рўйхатлари ҳам бор. Сиз ногиронларга бошқачароқ қаранг. Тўлов имкониятлари жуда кулгили. Қаерга тўлашини билмайди, илгари майли, электр ёмон, газ ёмон деймиз, уйга келиб оларди (тўловларни). Ҳозир сизнинг хў-ў идораларингизни қидириб бориши керак. Лекин пулга, тўловга келса, электр ўчиб қолаяпти, анави камчилик бўлаяпти, деса сизнинг пагонлиларингиз нима дейди, биласизми? “Бизнинг бунга алоқамиз йўқ, таъминот энергияда, биз фақат пул олишни биламиз, дейди. Буни битта қўлга бериш керак: ё сиз раҳбарлик қилинг, ёки таъминот билан бирга”, дейди “Нуроний” жамғармаси раиси ўринбосари Шароф Убайдуллаев.
 
Журналист куйинчалик билан сўзида давом этаркан, соҳада коррупцияни йўқ қилиш кераклиги масаласига қайта-қайта тўхталди. Афсуски, энергетика соҳасида ҳамон коррупция урчиб ётганини таъкидлади.
 
“Газ, электр ичкарисидаги ўғрилар тугатилмас экан, халқдан олинаётган “капейка” билан бу соҳани тўғрилай олмайсиз. Ичкарида тартиб ўрнатинг, халқ сиз билан ҳамкор бўлсин. Мана – фахрийлар доимо сизнинг қувватингиз бўлади. Президент қўяётган масалаларни фақатгина халқнинг елкасига османг, ўғриларни тугатинг, ўғриларга бош бўлманг! Ўртоқ прокурор, сизнинг Мажбурий ижро бюронгизда камчиликлар шунақанги кўп. Бир-бирини сўйиб қўйган раҳбарлар сизга қарайдими? Амал талашиб ётибди. Шунинг учун пулнинг орқасидан эмас, адолатнинг орқасидан қувинг”, деб сўзини тугатди Шароф Убайдуллаев. 

Теглар:Шароф Убайдуллаев Ўзбекэнерго Халқаро пресс-клуб 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар