...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси логотипи “Турк ҳаво йўллари”дан олинган...ми?


18:33, 19.12.2018 Таҳлил
 5 486

Айни дамда ижтимоий тармоқларда “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси учун Баҳром Калонов томонидан тайёрланган логотип хусусида кўплаб баҳс-мунозаралар кетмоқда. Уларда кўпчилик ижодкорнинг фаолиятини мақтовлар билан олқишламоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 27 июнь куни имзолаган “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармонига биноан, “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси ҳамда унинг туман ва шаҳар филиаллари ташкил этилган эди.
 
“Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси томонидан эълон қилинган логотиплар танловида ёш ижодкор Баҳром Калонов томонидан тақдим этилган логотип ғолиб чиқди ва 10 миллион сўмлик пул мукофоти билан тақдирланди. Бу ҳақда унинг ўзи шундай дейди:
 
“Ўтган йили декабрь ойида “Ўзбекнефтегаз” томонидан ўтказилган логотиплар танловида иштирок этиб, автомобиль соҳиби бўлган эдим. Бу йил ҳам декабрь ойида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси ўтказган логотип танловида каминанинг тақдим этган логотип ишланмани жамғарманинг юзи бўлишига лойиқ кўришибди. Бундан жуда фахрланаман ва хурсандман!
 
P.S.: Албатта бу сафар соврин автомобиль эмас. (Лекин 10 ҳам ёмон эмас байрам олдидан)”.
 
Айни дамда ижтимоий тармоқларда “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси учун Баҳром Калонов томонидан тайёрланган логотип хусусида кўплаб баҳс-мунозаралар кетмоқда. Уларда кўпчилик ижодкорнинг фаолиятини мақтовлар билан олқишламоқда.
 
Бу борада QALAMPIR.UZ ижодий жамоасининг ҳам ўз фикр ва мулоҳазалари бор. Албатта, бошқаларнинг меҳнати ва иқтидорини ҳурмат қиламиз. Бироқ, Баҳром Калоновнинг “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси учун тайёрлаган логотипи бизга “Турк ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг логотипини эслатиб юборди.

Эътибор билан қарасангиз, икки логотипда ҳам бир хил айлана шакли қўлланилган бўлиб, доиралар орасида қушнинг тасвири акс этган. “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси логотипида қуш тасвири жуда аниқ ва тушунарли тасвирланган. Айниқса, бош ва қанот қисми алоҳида урғуланган.


 
“Турк ҳаво йўллари”нинг логотипи эса бўртмалари ҳисобига тугмани эслатади. Оқ рангдаги айлана ичи қизил рангга бурканган. Устида эса оқ рангда қуш тасвири туширилган. Бироқ, бу логотипда қуш тасвири у қадар аниқ кўриниш касб этмаган. Ортиқча бўртмалар ва шаклни аниқлаштирувчи чизиқларсиз ифода этилган. У кўпроқ қоғоздан ясаладиган қушни ҳам эслатади.


 
Икки логотипдаги айлана ва қуш кўриниши уларнинг бир-бирига ўхшашини таъминлаётган асосий омиллардандир. Бунда биз Калоновни ўғриликда айблаётганимиз йўқ. Ижодий фаолиятда илҳомланиш кўп кузатилади, балки Калонов ҳам “Турк ҳаво йўллари” логотипидан илҳомлангандир. Қолаверса, бугун телеэкранларимизни турк қўшиқларию сериаллари эгаллаб бўлган бир даврда логотипларимиз ҳам туркларникига ўхшаса, нима қилибди?
 
Дарвоқе, Баҳром Калоновнинг аввалги ижодий иши – “Ўзбекнефтегаз”га ясаган логотипи кўплаб танқидларга ва баҳс-мунозараларга сабаб бўлган эди.

Теглар:Турк ҳаво йўллари Yoshlar – kelajagimiz Ёшлар – келажагимиз 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!