
Амир Темур иккита жангчи билан қалъа яқинига бориб, бир ўзи қалъа деворига нарвон ва зиналар қўйса бўладиган жойни топади...
Туркумнинг олдинроқ эълон қилинган мақолаларида Қашқадарё вилоятидаги Ғузор, Хоразм диёридаги Хива ва қўшни Афғонистон Ислом Республикасидаги Қандаҳор шаҳарлари ҳақида маълумотлар эътиборингизга ҳавола этилди.
Тўртинчи шаҳар. Ширкент
Қашқадарё вилояти Қарши туманининг маркази — Бешкент шаҳри ҳисобланади. Мазкур аҳоли пунктига 1977 йилда шаҳар мақоми берилган. Шаҳар ҳудудида пахтани қайта ишлаш ҳамда тўқимачилик корхоналари мавжуд.
Бешкент шаҳри “Ширкент” шаклида “Темур тузуклари” асарнинг “Жета ва Илёс Хожа лашкарига шикаст етказиш ҳақида қилган ўн учунчи кенгашим” ҳикоятида тилга олинган.
Амир Темур ва Амир Ҳусайн ўртасидаги аҳд-паймонлар бузилгандан сўнг Қарши қалъаси Соҳибқирон тасарруфидан чиқиб кетади. Шундан сўнг Амир Темур қалъани қайтариб олиш режасини тузади.
Унга кўра у лашкарини Амударё қирғоқларига элтиб, Қаршига кетаётган карвонларга ўзини Хуросон вилоятига кетаётгандек кўрсатади. Сўнг 243 нафар довюрак жангчилари билан яширинча ортга қайтиб, Ширкент мавзесига, яъни ҳозирги Бешкент шаҳри теварагига жойлашади.
Қарши қалъаси ҳимоясида турган Амир Мусо ва Амир Ҳусайн исмли амалдорлар Соҳибқирон лашкарлари узоқ Хуросон томонда эканлиги эшитиб, ўйин-кулгу ва айш-ишратга бериладилар.
Амир Темур жангчиларининг бир қисмига жанговор топшириқ бериб, ўзи қирқ отлиқ билан Қарши қалъаси ёнига келади. Иккита жангчи билан қалъа яқинига бориб, бир ўзи қалъа деворига нарвон ва зиналар қўйса бўладиган жойни топади.
Амир Темур довюраклик билан қалъанинг ҳандақи устидаги тарновдан ўтиб, ҳимоя деворига яқинлашади.
Ҳатто душманнинг сергаклигини синаш мақсадида қалъа дарвозасини тақиллатиб кўради ва дарбозабонлар бамайлихавотир ухлаб ётганига гувоҳ бўлади. Пухта ҳарбий режа тузган Соҳибқирон Қарши қалъасини қўлга киритади.
Туркум мақолаларни кузатишда давом этинг!