...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Шоҳсупа сари йўл”. Осиё чемпиони Нигоранинг спортга кириб келиши, кумири ва масъулияти ҳақида


18:30, 16.07.2018 Спорт
 1 913

XVIII ёзги Осиё ўйинларига яна 32 кун қолди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Матбуот ва медиа департаменти томонидан Осиё ўйинларига бағишланган “Шоҳсупа сари йўл” лойиҳаси ишга туширилган.
 
Лойиҳада қитъанинг нуфузли мусобақасида иштирок этадиган ўзбекистонлик спортчилар билан қисқа интервьюлар ташкил қилинади. Бунгача лойиҳада Надия Дусанова, Исроил Мадримов каби спортчилар иштирок этди.
 
Бугун эса таэквондо WTF бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Олимпия ўйинлари иштирокчиси Нигора Турсунқулова бўлади.
 
Нима учун таэквондо?
 
Акаларим спортнинг ушбу тури билан шуғулланишарди. Мен эса дадам билан бирга уларни тўгаракдан олиш учун спорт залига борардим. Кунлардан бир куни акам менга ҳам таэквондо билан шуғулланишни таклиф қилдилар. Мен ҳам қизиқиб бордим ва бу менга жуда ёқди. Шу тариқа таэквондо билан шуғулланишни бошлаб юборганман.
 
Вазнимни камайтиришим шарт эмас
 
Ҳамма билан бир ҳил овқатларни истеъмол қиламан. Ёғли таомларни камроқ ейишга ҳаракат қиламан. Овқатланиш борасида менда қатъий меъёрлар йўқ. Баъзи спортчиларга ўхшаб, вазнимни камайтиришим шарт эмас. Шунинг учун, овқатланиш борасида менда муаммо йўқ. Севимли овқатим? Онамлар тайёрлайдиган уйғурча мантини яхши кўраман.
 
Кумири
 
Никита Рафалович. У доимо ўз маслаҳатлари билан бизга ёрдам беради. Атрофдагиларни қўллаб-қувватлашга тайёр. Жуда меҳнаткаш ва ўз устида тинмай ишлайди. У нафақат яхши спортчи, балки ҳаётда ҳам жуда яхши инсон. Унга доимо ҳавас қиламан.
 
Чемпион бўлиш сири
 
Омад бу борада муҳим роль тутади. Буни эса Худодан сўраш лозим. Албатта, қаттиқ меҳнат қилиш талаб этилади. Ўз устингда тинмай ишлаш, қийин пайтларда машаққатларга бардош бериш керак бўлади. Шунингдек, мураббий кўрсатмаларини мукаммал бажариш керак. Фурсатдан фойдаланиб, 10 ёшимдан буён менга устозлик қилиб келаётган Дмитрий Константинович Хванга миннатдорчилик билдираман. У инсонсиз бугунги даражага етиб кела олмасдим.
 
Осиё ўйинлари олдидан
 
Осиё ўйинларида илк маротаба иштирок этаман. Шунинг учун, жуда ҳаяжондаман. Олдимда қандай масъулият турганини ҳис қилиб турибман. Бу спорт. Ушбу нуфузли мусобақага қаттиқ тайёргарлик кўряпмиз. Худо хоҳласа Жакартадан ёруғ юз билан қайтамиз.
 
Эришган ютуқлари:
 
– Осиё чемпиони
 
– IV “Ислом бирдамлик ўйинлари” бронза медали соҳибаси
 
– Президент кубогида кумуш медаль эгаси
 
– Korea Open, Turkish Open, Qatar Open, Fujairah Open каби нуфузли мусобақалар совриндори.
 
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Нигора Турсунқулова 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!