Ёмғирдан кечин чиққан қўзиқориндек, турли интернет сайтларида сериал намойиши юзасидан бир-бирини рад этувчи, асосланмаган хабарлар тарқатилди.
“Qalampir.uz” аниқ жавобни айтади! Сериал қайси кундан бошлаб эфирга узатилиши ҳамон номаълумлигича қолмоқда. Телеканал жамоаси “Зурриёт” сериалининг тугашини кутмоқда. У ўз поёнига етгач, “Шайтанат” бошланади. Бу чамаси 10 майларга тўғри келиши хабар қилинмоқда.
Аввалги хабарларимизда ҳам ушбу сериал намойишидан аввал унда роль ижро этган актёрлар, режиссёр ва асар муаллифи иштирокида кўрсатув суратга олиниши ҳақида хабар берган эдик.
Бугун, 30 апрель куни “Ўзбекистон” телерадиоканалида ушбу кўрсатувни суратга олиш ишлари олиб борилмоқда. Сериалдан аввал кўрсатув эфирга узатилади. Бир неча кундан кейин сериал намойиши қайси кундан старт олиши маълум қилинади.
Маълумот ўрнида, видеофильм Ўзбекисон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг “Шайтанат” асари асосида 90-йиллар охирида суратган олинган бўлиб, унда 80-йиллар воқеалари, қўшиқчи Элчин ва унинг атрофидаги мафиянинг тақдири, қонли қилмишлари тасвирланган.
“Шайтанат”да бош ролларни Ўзбекистон халқ артистлари Ёдгор Саъдиев, Ҳайрулла Саъдиев, Эркин Комилов, Лутфулла Саъдуллаев, Гулчеҳра Жамилова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Беҳзод Муҳаммадкаримов, Раъно Шодиева ижро этган.
Сериал Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Қалқон” киностудияси томонидан суратга олинган. Ушбу студияга Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев раҳбарлик қилади.