Тузнинг фойдаси ва зарари ҳақидаги баҳс узоқ йиллардан буён давом этмоқда. Бугун ош тузининг фойдали ва зарарли жиҳатларига тўхталамиз.
Туз айни вақтда кузатилаётган атроф-муҳитнинг зарарланиш шароитида йод етишмовчилигидан ҳимоя қилади.
Туз – океан маҳсули. Туз нафақат биз билган шаклда, балки денгиз маҳсулотлари таркибида ҳам учрайди ва уни туз деб қабл қилишимиз даркор. Масалан, денгиз карами туз ўрнини бемалол боса олади. Организмда йод ёки тузнинг етишмовчилигида тузни истеъмол қилмасдан, денгиз карамидан баҳраманд бўлиш ҳам мумкин.
Туз нафақат истеъмол маҳсулоти сифатида, балки даволаниш муолажасида ҳам қўлланилади. Тузли ванна оёқдаги шишларни бартараф этади.
Туздан косметик восита сифатида ҳам фойдаланиш мумкин. 1 литр сувга 1 чой қошиқ туз солиб кўз таги артилса, кўз остидаги шишларни йўқотади.
Тузли сувда оғиз чайиш орқали тишларнинг оғриғидан ҳам халос бўлиш мумкин.
Энди эса тузнинг зарари ҳақида тўхталсак. Туз меъёрдан ортиб кетсагина организмга салбий таъсир қилиши мумкин.
Организмда тузнинг ортиб кетиши моддалар алмашуви жараёнига путур етказиб, юрак, буйрак ва қон айланиш тизимида турли хасталикларни келтириб чиқаради.
Йодланган тузни кўп миқдорда овқат билан истеъмол қилиш кўз босимини оширади, кейинчалик катарактага ҳам олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, ошқозонда жиддий муаммолар юзага келади.
Организмдаги ортиқча туз шишларга сабаб бўлиб, натрий тўпланишига олиб келади.
Овқатларни доимий тарзда ортиқча туз билан тановул қилиш таъм билиш сезгисига ҳам таъсир қилиши мумкин.
Туз истеъмолининг кунлик меъёри 5-10 грамм бўлиб, бунда истеъмол қилинаётган бошқа маҳсулотлар таркибидаги тузни ҳам инобатга олиш талаб этилади. Саломат бўлай десангиз, меъёрга амал қилинг.