Агар бирор фильмга фақат яхши ва ёмон деб баҳо бериш мумкин бўлса, “Барон” аллақачон яхши фильмлар рўйхатига кириб бўлди.
Куни кеча режиссёр Рустам Саъдиев “Барон” номли янги фильмини томошабинлар эътиборига ҳавола этди. Жуда кўп шов-шувларга сабаб бўлаётган бу фильм ўзбек киносида алоҳида аҳамиятга эга асарлардан бири бўлди, десак муболаға бўлмайди. Эътиборингизга шоу-бизнесимиз ва кино оламининг таниқли вакиллари, фильм ижодкорларининг “Барон” картинаси ҳақидаги мулоҳазаларини тақдим этамиз.
Жаҳонгир Аҳмедов, режиссёр:
— Бу фильмни ёшларимиз кўриши шарт. Халқимизнинг фаровонлиги, юртимизнинг тинчлиги учун жонини бериб курашаётган мард, жасур ўғлонларимиз борлигини томошабинлар билиши керак. Иш бор жойда камчилик бўлади, лекин ютуқлар шу даражада кўпки камчиликлар ўз-ўзидан четда қолиб кетади.
Менга бош ролдаги актёрлардан Исо Тўраевнинг ижроси жуда ёқди, оширилмаган, бўрттирилмаган, ёлғон ўйнамаган... Биламизки, Рустам Садиев доим фильмларида янги чеҳраларга мурожаат қилади ва бу муваффақият келтиради. Навбатдаги фильмда ҳам бунинг исботини кўриб турибмиз.
Ҳилол Насимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:
— Фильм дунё киносида жуда кўп учрайдиган долзарб мавзуга бағишланган, лекин ечими одатий эмас. Умуман олганда, бу фильмга янги чеҳралар танлангани унинг ютуғига хизмат қилган. Ўйлайманки, бу картина Рустам Саъдиевнинг кино оламидаги яна бир дадил қадами бўлди. Айниқса, актёрлар чертиб-чертиб танлангани, операторнинг профессионал маҳорати, ҳатто кичкина эпизодик ролларга ҳам тажрибали актёрларнинг жалб қилингани режиссёрнинг ўз ишига талабчанлигидан дарак беряпти. Фильмда кўтарилган глобал муаммо атрофлича очиб берилган.
Рустам Саъдиев, “Барон” фильми режиссёри:
— Кўзланган мақсад ва ғояни тўғри тушунтириб бера олишда гап кўп. Чунки бу долзарб муаммо нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун дунё ҳамжамиятининг ҳам муамосидир. Одатда, бирор муаммо кўтариладиган фильмларга актёрлар ўзинингтурлича муносабатини билдиради. Кимдир ўзининг ҳам актёрлик, ҳам инсонийлик бурчини ҳис қилади ва ролига жонини беради. Мен бу фильмда ана шундай актёрлар билан ишладим. Аслида бундай балоларга қарши курашиш, эртанги авлодни ҳам маънан, ҳам жисмонан комил инсон қилиб тарбиялаш ҳар биримизнинг бурчимиз. Биз фильмда роль ижро этаётган ҳар бир актёрга гарданимиздаги ана шу бурчни тушунтиришга урундик. Мана натижасини ўзингиз кўриб турибсиз... Ушбу фильм дунё кинематографияси стандартларига тўла жавоб беради.
Раъно Шодиева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:
— Бу ролим бошқа фильмдаги ролларимдан анча фарқ қилади. Тўғри, бу фильмда ҳам оддий ўзбек аёли, онанинг ролини ижро этганман. Лекин бу аёл ҳаётидаги ёлғиз суянчиғи, ота-онасидан қолган ёдгори – синглисидан ҳам рўшнолик кўрмади, у икки ўт орасида қолди: бир томонда синглиси, иккинчи томонда жондан азиз фарзанди. Фильмдаги воқеалар айнан мен яратган образ ва унинг фарзанди атрофига қурилган. Минг афсуски ҳаётимизда пул учун ор-номусидан, яқин жигарларидан воз кечишга тайёр жирканч ва манфур инсонлар ҳам топилади. Улар учун на оиланинг, на ака-ука, опа-сингилнинг ва на Ватаннинг қадри бор. Фильм ана шундай инсонлар, уларнинг қилмишлари ҳақида.
Ўйлайманки, бу фильм дунё киносининг барча талабларига тўлалигича жавоб беради. Энг муҳими унинг сценарийси жуда пухта.
Исо Тўраев, бош роль ижрочиси:
— Кинода биринчи бор роль ижро этишим. Кино олами театр оламидан бутунлай бошқача экан. Уларнинг орасида ер билан осмонча фарқ бор.
Экранда кўп камчиликларимни кўрдим. Насиб қилса кейинги фильмларда бу камчиликларимни тузатаман. Фильм томошабинларимизга манзур бўлади. Картинада ўртага ташланган мавзу режиссёр Рустам Саъдиев томонидан жуда маҳорат билан очиб берилган. Томошабин сифатида унинг ишини жуда юқори баҳолаган бўлардим.
Муҳаммадисо Абдулхаиров, актёр:
— Бугун экран юзини кўраётган аксарият фильмларимизда кўчада, кимнингдир ҳовлисида, маҳалла, дўкон қўйингки шаҳарнинг турли чеккаларида суратга тушишга ўрганиб қолганмиз. Бу фильмда мен билан боғлиқ саҳналар қамоқхонада суратга олинди. Бу вазиятда биз ўша ердаги одамлар ҳаёти, уларнинг ўйлари билан яшашга, уларга мослашишга, ҳаракатларимиз ва гап-сўзларимизда сохталик бўлмаслигига ҳаракат қилдик. Мен ижро этган роль у қадар катта эмас. Ўша образнинг жамиятда деярли ўрни ҳам йўқ. Бироқ одамларга келтираётган зарари жуда катта. Фильмда ҳаётимиздаги аччиқ ҳақиқатларга очиқ кўз билан назар ташланган.
Манзура Йўлдошева, “Ниҳол” мукофоти совриндори:
— Режиссёр Рустам Саъдиев фильмнинг ортидан катта маблағ топишни режа қилмагани кўриниб турибди. Очиғи бу фильмни томоша қила туриб, уни ўзимизникилар суратга олганини унутаёздим.
Фильмда айтиладиган гап, аниқ мақсад ва хулоса бор. Бу картинани ўзбек киносида янгилик, деб айта оламан. Ҳар бир актёрга ўзига мос, уддасидан чиқа оладиган вазифа юклатилган. Оператор Рустам Муродовнинг тасвирлари эса таҳсинга сазовор.
Бугун тобора ривожланиб бораётган, ҳаётимизни интернет ўраб олган даврда яшаяпмиз. Шу нуқтаи назардан олиб айтганда, бугунги кун томошабини учун мана шундай мавзулардаги жиддий фильмлар жуда керак.