Кутилаётган об-ҳаво “Кўнгил маъюс қор кутиб Янги йил кунида...” деган сатрлар билан бошланган таронани ёдга солади.
31 декабрь шу ҳафтанинг шанба кунига тўғри келмоқда. Маълумотларга кўра, бу йил ҳам Янги йилни қорсиз кутиб оламиз. Ҳозирча об-ҳаво шароитида кескин ўзгаришлар кутилмаяпти. 29 декабрь куни қисқа муддатли ёғингарчилик кузатилади, аммо 31 декабрь куни қуёш заррин нурларини ҳадя этади. Ҳарорат ўртача 10 даража илиқ бўлиши кутиляпти.
Гидрометеорология хизмат марказидан хабар қилишларича, Фарғона водийсида 31 декабрь куни ҳаво ҳарорати 10-12 даража илиқ бўлиши кутилмоқда.
Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё вилоятларида ҳаво ҳарорати 13 даражагача кўтарилади.
Навоий ва Бухоро вилоятларида ҳам ҳарорат тахминан 12 даража илиқ бўлиши кутилмоқда.
Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида эса баҳор нафаси ҳукмронлик қилади. Сабаби 31 декабрь куни Республиканинг жанубий вилоятларида ҳаво ҳарорати 16 даражагача илиқ бўлиши кутилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида эса ҳарорат қишга хос паст даражада бўлса-да, қор ёғиши кутилмаяпти. Нукус шаҳрида 31 декабрь куни ҳарорат -2 даража бўлса, Хоразм вилоятида 5 даража илиқ бўлади.
2017 йилнинг 1 январида ҳам Республиканинг барча вилоятларида илиқ ҳаво ҳарорати кузатилади. Айрим ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.
Болаларнинг таътил кунларида илиқ ҳаво ҳарорати уларнинг турли кўнгилочар масканларга боришлари учун айни муддао бўлади. Пойтахт Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда байрам муносабати билан Янги йил арчалари қад ростлаган. Театрларда эса байрам томошалари намойиш этилмоқда.