Ишчиларни катта совғалар билан тақдирлайдиган тадбиркор ўғлини ўзига иш ва уй топиши учун мамлакат жанубидаги кичик шаҳарчага жўнатган.
Савджи Дхолакия ОАВга интервью берар экан, “Доимо ўз ишини билган, яхши ишлай олган ва оз бўлсада, фойда келтирган ҳар қандай ходим яхши бир совғага, рағбатга лойиқ деб ҳисоблайман” дейди.
Ҳиндистондаги саноқли миллиардерлардан бўлган Савджи Дхолакия нафақат бойлиги, балки саҳоватпешалиги билан ҳам машҳур. Яқинда у компаниясидаги энг намунали ишчиларга заргарлик буюмлари, автомобиль, ҳатто, уй совға қилди. Албатта, дунёдаги бошқа йирик компаниялар ҳам ўз ишчиларига шундай совғалар қилишади, бироқ ҳажм ва сон жиҳатидан уларнинг ҳеч бири Савджи Дхолакиянинг ҳадяларига тенг келолмайди.
Чунки, ҳинд ишбилармони бирваракайига юзлаб ишчини совға билан тақдирлайди. Сўнгги бир неча йил ичида, Савджи Дхолакия ишчиларга 1000 дан ортиқ уй ва 10 000 га яқин автомобиль ҳадя қилган. Келаётган 5 йил ичида эса, компания ўз ишчиларининг барчасини уй-жой ва машина билан таъминлашни режалаштирган. Хиндистонда Дивали байрамининг нишонланиши муносабати билан Савджи Дхолакия ишчиларига навбатдаги совғаларни топширди.
Совғаларни топшириш маросимидаги суратини Facebook ижтимоий тармоғига жойлади. Сурат остида эса “Бу менинг энг севимли суратларимдан бири. Биз ҳаммамиз ҳар куни ана шу жилмайган чеҳраларни кўриш учун ишлаймиз”, деб изоҳ қолдирган.
Айнан Дивали байрамида юқори кўрсаткичларга эришган қатор ишчиларга Савджи Дхолакия 400 та уй, 1260 та автомобиль совға қилди. Ишчиларни катта совғалар билан тақдирлайдиган тадбиркор 2016 йили 21 ёшли ўғлини ўзига иш ва уй топиши учун мамлакат жанубидаги кичик шаҳарчага жўнатган.
Йигитча ўзи билан 3 дона кийим, баъзи керакли нарсалар ва ўта оғир вазиятда ишлатиш учун 7 минг рупий, яъни 100 АҚШ долларига тенг маблағ олиб кетган.