Тадбирлар икки халқ ўртасидаги маданий-маърифий ҳамкорлик мавзуига бағишланди.
Кеча, 25 сентябрь куни Ҳиндистон Миллий музейида очилган “Ўзбекистон-Ҳиндистон: маданиятлар мулоқоти” кўргазмаси ушбу мамлакат жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотди.
Кўргазма очилишида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев, ЎЗбекистоннинг Ҳиндистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ф.Арзиев, Ҳиндистон маданият вазирининг ўринбосари А.Гоэл, Ҳиндистон Миллий музейи директори Б.Мани ва бошқалар иштирок этишди.
Миллий музейда очилган ва бир ой давом этадиган қўшма кўргазма Ҳиндистонда ўзбек халқининг бой маданий-маърифий мероси ҳақида янада кенг ва чуқур тасаввур шаклланишига хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистонда турли йўналишларда самарали халқаро ҳамкорлик қилиш учун яратилаётган янги имкониятлар ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этилган.
Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонасида бўлиб ўтган расмий қабул маросимида ҳам ўзаро маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш истиқболлари ҳақида сўз кетган. Икки давлат расмий ва академик доиралари вакиллари Ҳиндистоннинг турли музей ва кутубхоналарида сақланаётган ва икки халқ ришталарини боғлаб турган кўплаб ноёб ҳужжатларни биргаликда тадқиқ қилиш, кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиш масалаларига эътиборни қаратган.
“Кутубхонамизда ўзбек халқининг маданий меросига оид 200 дан ортиқ қўлёзма сақланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга давлат ташрифи арафасида биз мазкур асарлар каталогини чоп этдик” деган Худо Бахш кутубхонаси директори вазифасини бажарувчи Роберт Чонгту.
“Маданий мерос - Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги мулоқот кўприги” мавзуидаги илмий семинарда икки мамлакат таниқли олимлари ўзаро ҳамкорликни янада мазмунан бойитиш, янги лойиҳалар устида ишлаш, илмий-маърифий алмашинувни фаоллаштириш истиқболларини муҳокама қилган.
Медиа-ивент доирасида, шунингдек, Деҳлидаги Жаваҳарлал Неру ва Жамия Миллий университетлари, Ҳиндистон ислом маданияти марказида бўлиб ўтган анжуманларда ҳам ҳамкорликнинг янги йўналишлари белгилаб олинган.