Маблағ етишмовчилиги сабабли гўдакнинг онаси ҳомилада учрайдиган мутацияларни аниқлаш учун олинадиган тест таҳлил натижаларини топширмаган.
Фанда ушбу генетик касаллик арлекин ихтиози деб аталади.
Ёш фермерлар оиласида муддатидан аввал дунёга келган қизалоқда арлекин ихтиозидан ташқари унинг эрта туғилганлиги билан боғлиқ аномалиялар ҳам мавжуд. Баъзи органлари етилмаган, қўл ва оёқларида бармоқлар мавжуд эмас, бурун ўрнига қизалоқнинг юзида иккита бурун тешиги мавжуд, қулоқлари йўқ, кўзнинг устки қисми “тескари ўгирилган” кўринишда, оғзи эса балиқникини эслатади. Териси балиқники каби тангачалар билан қопланган ва улар орасида кучли оғриқларга сабаб бўладиган ёриқлар бор.
Ҳозирда қизалоқ янги туғилган болалар интенсив терапия хонасида шифокорлар назорати остида ётибди. Унинг терисидан намуналар олинган ва ўрганиш учун юборилган. Шу билан бирга ундан қатор таҳлиллар учун қон олинган. Уларнинг жавобига кўра, қизалоқнинг ҳолати аён бўлади.
“Бундай болалар инфекция юқтиришга ўта мойил бўлишади ва одатда чақалоқлик давридаёқ вафот этишади. Биз қизалоқнинг терисини доимий равишда вазелин билан юмшатиб турибмиз. Ҳозир унинг кўз соққалари борми, йўқми билолмаяпмиз. Унинг аҳволи ҳақида бирор нарсани олдиндан айтиш қийин” дейди педиатр Яш Банаит.
Қизалоқнинг отаси 27, онаси эса 23 ёшда. Бу уларнинг илк фарзандлари. Улар ғарибона ҳаёт кечиришади. Шу сабабли ҳомиладорлик вақтида аёл ҳомилада мутацияларни аниқлаш бўйича тест таҳлил натижаларини топширмаган. Фанда арлекин ихтиозини ҳомила 4 ойлик бўлганидаёқ аниқлаш имконияти мавжуд. Ҳомилада бундай патология аниқланган ҳолатларда, шифокорлар ҳомиладорликни тўхтатишни маслаҳат беришади, чунки бу касалликнинг давоси мавжуд эмас.
Ҳиндистондаги туғруқхоналарнинг бирида дунёга келган бу қизалоқ “интернет юлдузи”га айланди. Интернетда туғруқхона ходимларидан бири бўлмиш Лата Мангешкарнинг қўлига қизалоқни кўтариб турган сурати тарқалди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса суратни кўриб, унинг остида “Бу суратни ижтимоий тармоқларда жойлаштиришингизга гўдакнинг ота-онаси рухсат беришдими?” каби ўнлаб саволларни қолдиришган.
Маълумот ўрнида, қизалоқ Ҳиндистонда арлекин ихтиози билан туғилган илк чақалоқдир. Тарихда эса бундай касаллик билан туғилган чақалоқлар ҳақидаги маълмотлар 1750 йиллардаёқ пайдо бўлган. Дунё миқёсида ҳар 300 минг боланинг биттаси арлекин ихтиози билан туғилади.