...
МЕНЮ
ONLINE TV

Видео: Туркияда дўл вақтида хавфли қўнишни амалга оширган самолёт учувчилари олқишланмоқда


19:46, 29.07.2017 Олам
 4 876

Дўл сабаб самолётнинг олд қисми бутунлай текис ҳолга келганди. Олд ойналарни дўл қоплаб, йўлни кўриш имкони йўқ эди.

27 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида кучли тўфон рўй бериб, дўл ёққани ҳақида хабар берган эдик. Шаҳар кўчалари сел остида қолиб, метро ва Босфор яқинидаги “Мармара” ерости темирйўл ҳаракати, ҳамда автомобиллар учун мўлжалланган “Евроосиё” тоннелида ҳаракат тўхтатилди.
 
Ўша куни кузатилган дўлнинг катталиги айрим жойларда бедана тухуми ҳажмига тенг келади. Истанбулда кузатилган бундай об-ҳаво ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Шунингдек, шу куни Отатурк халқаро аэропортида самимий олқишларга сабаб бўлган воқеа юз берди.
 
Туркиянинг `Atlasglobal` компаниясига тегишли самолёт айнан дўл ёғаётган вақтда аэропортга қўниши керак эди. Украиналик учувчилар бошқарган самолёт парвоз вақтида табиий офат туфайли зарар кўрди. Транспорт воситасининг олд қисми бутунлай текис ҳолга келди. Олд ойналар эса дўл билан қопланди, натижада йўлни кўриш имкони бўлмади. Шундай бўлсада, украиналик учувчилар ва икки нафар туркиялик стюардесса мардлик билан муҳим қарор қабул қилишди: самолёт аэропортга қўниши керак!
 
Капитан самолётни бироз қийшайтирган ҳолда бошқарди ва ён ойналар ёрдамида йўлни кўришга муваффақ бўлди. Бу воқеадан хабар топган аэропорт ходимлари ва бошқа учувчилар ҳаяжон билан самолётнинг қўнишини кузатиб туришди ва видеога ҳам олишди. 
 
Самолёт омадли тарзда қўнганида, нафақат йўловчилар, балки Отатурк халқаро аэропорти ходимлари ҳам олқишлашди. Бошқа самолётлар бортида бўлган учувчилар фара чироқларини ёқиб, уларни қўллаб-қувватлаб туришди. Бу воқеа турк телеканаллари орқали ҳам намойиш этилди. 
Дурдона Расулова

Теглар:Туркия Истанбул Отатурк халқаро аэропорти Дўл 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!