Талабанинг “мени урманглар” деб бақиришига қарамай, ходимлар уни дўппослашда давом этган.
Ўзбекистонлик талабанинг Жанубий Корея Иммиграция хизмати томонидан калтакланиши акс этган видеолавҳа ижтимоий тармоқларда кескин норозиликка сабаб бўляпти.
“Koreatimes” нашри берган маълумотга кўра, Жанубий Кореяга Ўзбекистондан борган А. исмли магистратура талабаси 16 июль куни Кёнгсанг вилоятидаги Ҳаман шаҳарчасида Иммиграция хизмати ходимлари томонидан калтакланган. Яқин атрофдаги видеокузатув камерасига муҳрланиб қолган лавҳа муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан 17 июль куни эълон қилингач, бу воқеа Жанубий Кореяда катта норозилик келтириб чиқарди.
24 ёшли А. ёзги таътил вақтида заводга ишлагани боради. Видеолавҳада дарахт соясида дам олиб ўтирган талабанинг бешта нотаниш эркак томонидан калтакланганини кўриш мумкин. Маълум бўлишича, талабани калтаклаганлар Чангвон Иммиграция Хизмати ходимлари бўлиб, улар ўша куни Жанубий Кореяда ноқонуний мақомда юрган муҳожирларга қарши рейд ўтказаётган бўлган. Видеолавҳага кўра, икки ходим талабага яқинлашиб, кутилмаганда унга куч ишлата бошлайди. Талабанинг “мени урманглар” деб бақиришига қарамай, ходимлар уни дўппослашда давом этган.
“Мен уларнинг олдига яқинлашдим ва қароқчимисизлар, нега бундай калтаклаяпсизлар, деб эътироз билдирдим”, дейди воқеа гувоҳларидан бири.
Устига-устак Иммиграция биносига олиб келинган ўзбекистонлик талаба 5 кун тиббий ёрдамсиз ушлаб турилган. У таълим оладиган Сеул университети Чангвон Иммиграция хизмати номига ўзбекистонлик талабанинг ишини қайта кўриб чиқишни сўраб мурожаат йўллаган. Шундан сўнг унга рухсатсиз ишлаганлик айби билан 500,000 вон (3,5 миллион сўм атрофида) жарима солинган ва чиқариб юборилган.
Айни дамда А. Чангвон Иммиграция Хизмати устидан жиноий даъво аризаси киритишга тайёргарлик кўряпти.
Ижтимоий тармоқларда воқеага муносабат билдирган корейс фуқаролари ҳам Иммиграция хизмати ходимлари албатта жазога тортилиши керак деган талаб билан чиққан.
Шунингдек, Жанубий Кореядаги ўзбекистонлик талабалар Facebook гуруҳида Сеулдаги Ўзбекистон элчихонаси номига элчихонанинг мусофир талабалар билан ишлашдаги қониқарсиз фаолияти хусусида мурожаатнома эълон қилинган.