Туркия президенти Ўзбекистонга ташрифини якунлагандан сўнг, Жанубий Кореяга борди.
“Кўк сарой” номи билан аталувчи президент қарогоҳида Ражаб Тойиб Эрдўған ва рафиқаси Амина Эрдўғанни Жанубий Корея давлат раҳбари Мун Чже Ин рафиқаси Ким Жун Сук билан қабул қилди. Тантанали қабул маросимдаги бир жиҳат журналистлар эътиборидан четда қолмади.
Икки мамлакат раҳбарлари шарафига давлат мадҳиялари янгради. Туркия давлат мадҳияси – “Истиқлол марши” янграётган пайтда Жанубий Корея президенти Мун Чже Ин қаршисидаги ҳарбийга ҳарбийча салом берди. Бундай кутилмаган ҳолат эса турк делегациясини ҳам шошириб қўйди.
Ражаб Тойиб Эрдўғанга Сеулда ҳам худди Ўзбекистонга ташрифи каби рафиқаси Амина Эрдўған, Бош вазир ўринбосари Ҳоқон Човушўғлу, ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғлу яна бир қатор мартабали вазирлар ҳамроҳлик қилмоқда.
Хабарларга қараганда, Сеулда икки мамлакат ўртасида бир қатор шартномалар тузилади. Жумладан, Истанбулдаги машҳур Ёвуз Султон ҳамда Чаноққалъа кўприкларини қуришда кореялик ишбилармонлар билан тажрибасига таянилиши ҳақида сўз бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ражаб Тойиб Эрдўған 29 апрель куни Ўзбекистонга ташриф буюриб, 1 май куни ташрифини якунлаганди.