Ватанга хизмат қилиш кераклигини ўртага ташлаган Манзура Йўлдошевани Баҳодир Низомов ақлдан озганга чиқарди. Умидахон эса Мунзуранинг ёши ва тажрибасини ҳам унутиб жавоб қайтарди.
“Ниҳол” мукофоти совриндорлари Манзура Йўлдошева, Умидахон ва хонанда Баҳодир Низомов ўртасида ҳам ижтимоий тармоқлар сабаб тушунмовчилик келиб чиқди.
Куни кеча “Ниҳол” мукофоти совриндори Умидахон Instagram’даги шахсий саҳифасига навбатдаги суратини жойлаштириб, унга қуйидагича изоҳ қолдирди:
“Ассалому алайкум, ёру биродарлар, дўстлар, қариндошлар, қўни-қўшни, яқинлар... Ҳаёт гўзал! Ундан завқланиб, ҳамма нарсани яхшиликка йўйиб яшаш керак. Хурсанд ва гўзал бўлиб юринглар, ўртоқлар. Ҳаммаси зўр бўлади...”
Умидахоннинг ёзганлари Манзуранинг ғашини келтирди чоғи унга қарши изоҳ қолдирди.
“Ҳамма гўзал бўлиб юрса, Ватанга хизматни ким қилади? Савобни ким қилади, ҳамма ўзи билан банд бўлса?”.
Умидахон ҳам бўш келгани йўқ. Манзуранинг ижодни ундан аввал бошлагинини, ёшини ҳам четга сурди. Жавобида ҳазил аралаш аччиқ гапларини айтиб олди.
“Бемаврид гапирасиз! Ким хизмат, савоб қилма, деяпти? Яратган ҳамманинг дилига солсин савобу яхшилик қилишни. Қиламан дегани, ҳеч кимга билдирмай қилаверади. Қилмайдигани минг мажбурласанг ҳам, гапирсанг ҳам қилмайди. Шунинг учун энг аввало Яратган дилига солсин”, деб ёзади Умидахон.
Манзура билан Умидахоннинг тортишувини зимдан кузатиб турган хонанда ва бастакор Баҳодир Низомов суҳбатга суқулиб, Манзурани “талаб” берди.
“Умида опа, ақлсиз инсонларнинг гапларига аҳамият берманг. Иккинчидан, у ақлдан озганини биз ҳам билганмиз. Ватанга бўлган севгисини ҳаммага айтиши шартмас. Бўлмаса, халқнинг тўйига текинга чиқсин, халқни севса”, деб ёзади Баҳодир Низомов.
Аслида Манзура Йўлдошева тўғри гапни ўртага ташлаган эди. У охирги вақтларда бераётган интервьюларида санъаткорларнинг юриш-туриши, ижтимоий тармоқларга жойлаштираётган суратлари, бежирим либослар, қимматбаҳо машиналар, шоҳона сарой ва уйларни кўриб ғаши келаётгани, оддий одамлар ва ёшлар тарбиясига бундай ҳолатлар салбий таъсир ўтказишини кўп бор таъкидламоқда. Сўнгги вақтларда ёшларни илм олишга, Ватанга хизмат қилишга, яратиб берилган шароитлардан тўғри фойдаланишга ундайётган хонанда Манзура санъаткор дўстларига, хусусан, Умидахонга ҳам шуни тушунтиришга ҳаракат қилган бўлса, ажаб эмас.
Бу ўринда кимгадир ён босиш, кимнидир камситиш фикридан йироқмиз. Лекин Манзуранинг ёзганларида жон бордек. Афуски, бугун айрим санъаткорлар на санъати, на тарбияси, на билими билан ёшларга ўрнак бўла олади. Ёшлар эса гўзал ҳаёт, бойлик ва машҳурликни ҳеч қандай илмсиз, тарбиясиз, маънавиятсиз ҳам топиш мумкин деган ҳаёлга келиб қолиши, жуда катта йўқотиш. Хонанда Умидахон ва бастакор Баҳодир Низомов Ватанга хизмат қилишга чорлаган Манзурага сапчишдан олдин шуларни бир ўйлаб кўрса, ақлдан озганга чиқаришдан аввал мушоҳада қилса, бир ёқадан бошқа чиқарса мақсадга мувофиқ бўларди. Зеро, қўшиқларда айтилган эзгулик, меҳр-оқибат, каттага ҳурмат, кичикка иззат, Ватанга сидқидилдан хизмат ҳаётда ҳам ўз ифодасини топмоғи керак.
Дарвоқе, Умидахон ижтимоий тармоқлардаги саҳифасидан ушбу суҳбатни ўчириб юборди.