Станислав Ежов, Украина Бош вазири Владимир Гройсманнинг шахсий таржимони ва котибиятининг ходими лавозимида ишлаган.
Қамоққа олинган Станислав Ежов, Украина Бош вазири Владимир Гройсманнинг шахсий таржимони ва котибиятининг ходими лавозимида ишлаган.
Кеча, 22 декабрь куни, суд эҳтиёт чораси сифатида Станислав Ежовга нисбатан 60 суткалик қамоққа олиш чорасини қўллади. У Россия давлати фойдасига жосусликда айбланмоқда.
Жорий йилнинг 20 декабрида, Украина Хавфсизлик хизмати Бош вазирнинг котибиятидаги ходимлардан бири, Россия давлати фойдаси учун ишлагани тўғрисида баёнот берган эди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакилларининг таъкидлашича, Ежов узоқ муддатли хорижий сафарларга чиққанида, Россия махсус хизматлари томонидан жосусликка жалб қилинган.
Украина Хавфсизлик хизмати Бош тергов бошқармаси бошлиғи Виталий Маяковнинг маълум қилишича, Ежов Россия қуролли кучлари Бош штаби Бош разведка бошқармасининг топшириғига асосан маълумот тўплаган.
Украина Бош вазири Владимир Гройсманнинг баёнот беришича, унинг таржимони Станислав Ежов “кўп маротаба” текширувлардан ўтган. Гройсман, Ежов Бош вазир котибиятига ишга ўтгунга қадар ҳам, кўплаб давлат лавозимларда ишлагани ва ўша вақтларда, ҳеч ким унинг жосуслигини билмаганини таъкидлаган.