Ўзининг истеъфога чиқишини у турли сабабларга боғлади.
“Парламент коалициясининг тарқалиб кетиши ҳамда бир қатор муҳим қонунларнинг қабул қилинмаганлиги муносабати билан истеъфога чиқишимни маълум қиламан”.
Унинг фикрича, парламентда юз берган ҳолат мамлакат учун оғир, ҳатто, драматик оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. “Адашаётган бўлай ишқилиб”, – дейди Яценюк.
Шу билан бирга, Украина учун ҳозир оғир вазият эканлигини ва айни пайтда ҳукумат қўлидан келганча ишлаганини айтиб ўтди. “Ўз ишимдан қониқаманми? Албатта, йўқ. Аммо биз нимага қодир бўлсак, шуни қила олдик”, — деди у.
Маълумотларга кўра, у коалициянинг тарқалиши салбий ҳолат экани ва амалга киритилмаган қонуннинг бюджетга фойда келтириши мумкинлигини айтиб ўтган. Яценюк депутатларнинг фаолияти туфайли бюджет ходимлари ойлик маошидан айрилгани, Украина эса қурол-яроғни ҳеч нарсага сотиб ололмаслигини таъкидлади. Шунингдек у коалицияни парчалаган депутатларни Украинанинг газ заҳирасини тўлдириш имкониятидан маҳрум қилганликда, аҳолини яхши шароитда қишни ўтказиш ва ниҳоят газ учун Россияга қарамликдан қутулишга имкон бермаганликда айблади.
Яценюкнинг баёнотидан сўнг, Рада спикери Александр Турчинов коалицияни парчалаш ташаббускорлари “УДАР” ва “Свобода” партияларидан парламент сайловига қадар ҳукуматни бошқариб туриш учун техник бош вазир лавозимига номзод кўрсатишни сўраган.
Баёнотининг сўнгида Яценюк “Мен Украина бош вазирлигини тарк этиш ҳақидаги қарорга келдим. 12 апрель куни бу қарор Олий радага киритилади”, – деб айтиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, Арсений Яценюк ҳукуматни 2014 йил 27 февралдан парламентда депутатлар фракцияларидан иборат “Европача танлов” коалицияси ташкил топгандан сўнг бошқараётган эди. Авваллига мазкур коалицияни “УДАР”, “Свобода” каби фракциялари, кейин эса бошқа фракциясиз депутатлар ва “Боткившина” вакиллари ҳам тарк этди.