Давлат тўнтаришига бўлган уринишлар туфайли ҳалок бўлганлар ва жабрланганларнинг сони ошгани ҳақида маълумот тарқалди. Бош вазир эса халққа юзланди.
“Dailysabah” нашрининг хабар беришича, қурбонлар сони ошган ва 161 кишига етган. Жабрланганларнинг сони эса 1440 кишини ташкил этгани маълум бўлди.
Маълумотларга қараганда, 2839 аскар исёнчи ҳарбийларга алоқадорликда гумон қилинмоқда.
Йигирма нафар исёнчи аскар кеча тунда тўнтариш уюштирилган пайтда ўлдирилган.
Туркия ички ишлар вазирининг сўзларига кўра, мамлакат бўйлаб, жами 1563 ҳарбий хизматчи ҳибсга олинди. Шунингдек, беш генерал ва 29 полковник вазифасидан озод этилди.
Туркия бош вазири Бинали Йилдирим амалга оширилган исён мамлакатдаги демократияга таҳдид эканини таъкидлаб ўтди ва давлат тўнтаришига ҳаракат оқибатида ҳалок бўлган бегуноҳ одамларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.