Саудия Арабистони ташаббуси билан тузилган “Ислом коалицияси” доирасида Туркия ва Саудия Арабистони қўмондонлари Сурияда қўшинларни жойлаштириш юзасидан бир неча бор учрашув ўтказди.
Айни дамда, АҚШ Анқара ва Ар-Риёдни Сурияда ҳарбий ҳаракатлар олиб боришдан тўхтатишга ҳаракат қилмоқда, НАТО эса Россия қуролли кучлари ҳаракат қилаётган ҳудудларда Туркия қўшинларининг жойлаштирилишидан хавотирда.
Саудия Арабистони ташаббуси билан тузилган “Ислом коалицияси” доирасида Туркия ва Саудия Арабистони қўмондонлари Сурияда қўшинларни жойлаштириш юзасидан Анқара ва Истанбулда ўзаро учрашув ташкиллаштирдилар.
“Financial Times” газетасида ёзилишича, Саудия Арабистони асосий рақобат кетаётган Сурия шимоли ўрнига, мамлакатнинг Иордания билан чегараси, жануби-шарқига ўз қўшинларини жойлаштирмоқчи, бунинг натижасида саудияликлар қўшинига Иордания қуролли кучлари ҳам қўшилиши кутилмоқда. Маълумотларга кўра, Иордания ўтган йили Эт-Танф чегара ўтиш пунктида махсус қўшинларни жойлаштириш таклифини берган.
АҚШ ўз иттифоқчилари – Туркия ва Саудия Арабистонини ҳозирги кунда Сурия ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар олиб боришдан тийиб турмоқчи. Америкаликларнинг фикрича, бу муваффақиятсизликка олиб келиши мумкин.
Яқин Шарқдаги беш йилдан бери давом этиб келаётган можароларни ҳал қилишда Вашингтоннинг суст роли минтақада баъзи бир давлатларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. АҚШ Президенти Барак Обама маъмурияти ва бошқа ғарб давлатлари Сурияга нисбатан амалга ошириладиган тўғридан-тўғри ҳарбий интервенция давлатдаги можаролар кўламининг кенгайиши ва Россия билан хавфли тўқнашувга олиб келиши мумкинлигидан хавфсирамоқда.
Газетада ёзилишича, Туркия АҚШнинг розилигисиз интервенцияни амалга оширмайди, дея тахмин қилинмоқда. Анқара ва Ар-Риёд АҚШнинг Сурия можаросига нисбатан аниқ позицияни танлашга тайёр эмаслигидан “ғазабда”
“Financial Times” ғарб давлатлари дипломатларининг сўзларига асосланиб хабар беришича, Туркия ўз чегарасидан Суриянинг ички ҳудудларига қараб бир неча километрга чўзиладиган жойда “буфер зона” ташкил қилмоқчи. Анқаранинг режаларига кўра, бу билан суриялик курдлар ҳаракатини тўхтатиш ва Суриядаги қуролли оппозициянинг ҳолатини юмшатиш мумкин.
Маълумот ўрнида, 2015 йилнинг 15 декабрида Саудия Арабистони ташаббуси билан “Ислом ҳарбий коалицияси” тузилди. Унда 34 та давлат, шу жумладан, Туркия ҳам иштирок этади. Унинг штаб-квартираси Ар-Риёд шаҳрида жойлашган.