Бундан олдин Анқарадаги теракт муносабати билан Россия Туркияга ҳамдардлик билдирган эди.
25 февраль куни “Шимолий” шахтасининг 748 метр чуқурлигида кучли портлаш содир бўлган эди. Авария пайтида шахтада 110 киши бўлган, шулардан 80 нафари юқорига олиб чиқилди. Конда бўлган бахтсиз ҳодисанинг сабаби метаннинг портлаши бўлиши мумкин. Портлаш оқибатида 36 киши ҳалок бўлган.
“Россия Федерацияси шимолида жойлашган Коми Республикасидаги кўмир шахтасида бўлган авария натижасида вафот этган кончилар ҳақидаги янгиликларни афсус билан кузатиб бормоқдамиз. Ҳалок бўлганларнинг қариндошлари ва яқинларига ҳамда бутун Россия халқига ҳамдардлик билдирамиз. Жабрланганларга тезроқ тузалишларини тилаб қоламиз”, – дейилади Туркия ТИВининг ҳамдардлик мактубида.
Олдинроқ, Россия Федерацияси ҳам 2016 йил 17 февраль куни Анқарада бўлган теракт муносабати билан Туркия халқига ҳамдардлик билдирган эди.
Шуни айтиб ўтиш лозимки, ўтган йилнинг ноябрь ойидан авж олган Су-24 можароларидан кейин Россия ва Туркия ўртасидаги дўстона муносабатларга дарз кетган эди. Бундан сўнг Россия Туркияга нисбатан санкциялар қўллаганидан хабарингиз бор. Олдинроқ, Россия томонидан Туркияга билдирилган ҳамдардлик ва “Шимолий” шахтасида бўлган портлаш муносабати билан Туркиянинг Россияга билдирган ҳамдардлиги ноябрдан буён икки мамлакат ўртасида давом этаётган совуқ муносабатларни бироз бўлса-да илиқлаштирса ажаб эмас.