...
МЕНЮ
ONLINE TV

Туркия Бош вазири ўринбосари: Россияни душман деб билмаймиз!


02:31, 19.02.2016 Олам
 3 989

Россия билан Туркия ўртасидаги муносабатларнинг инқирозга юз тутиши Ўрта Осиё давлатларига ўз таъсирини кўрсатмаслиги керак, деб ўйлайман.

Туркия Молия вазири ҳамда Бош вазир ўринбосари Меҳмет Шимшек Истанбулда бўлиб ўтган “Ўрта Осиё инвестиция форуми”да қатнашди. Вазир форумнинг очилиш маросимида сўзга чиқар экан, Туркия ва Ўрта Осиё давлатлари ўртасида жуда чуқур тарихга эга маънавий ришталар бўлганини таъкидлаб, бу давлатларнинг ривожланиши учун Туркия Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) билан ҳар қандай ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Шимшек Туркиянинг бугунгача босиб ўтган йўлига тўхталар экан, “Туркия шу бугунгача, 50 йил кам таъминланган давлатлар, 25-30 йил эса иқтисодий жиҳатдан ўрта даромадли давлатлар рўйхатида бўлган”, – деб таъкидлади.

“Туркиянинг демографик тузилиши бу вазиятни тузатишга ва Европа билан ўртадаги фарқни тенглаштиришга қодир. Бироқ ташкилотларимизнинг фаолияти ҳамон биз кўзлаган даражада эмас. Кўп йўналишларда ривожланишлар кўзга ташланади, лекин биз истаган мақсадимизга етганимиз йўқ. Ҳозирги кунда Туркия ўрта ва юқорида даромадли давлатлар қаторига кира олди.

Ўрта Осиёдаги қардошларимиз ҳам бугунги кундаги иқтисодий инқирозларга қарамай бу йўлни осон босиб ўтишларига ишонаман. Бу жабҳада эса энг катта ҳамкорларимиздан бири ЕТТБдир. Чунки ЕТТБ Жаҳон банки сингари давлатларнинг эҳтиёжларига қараб дастурлар тайёрлай олади. Биз эса улар билан ўз тажрибаларимизни бўлишишга тайёрмиз”.

Туркия Бош вазири ўринбосари Ўрта Осиё давлатлари билан иқтисодий алоқалар ҳақида гапирар экан, Россия-Туркия муносабатларига ҳам эътиборини қаратди. Ноябрь ойида Россиянинг Су-24 ҳарбий самолёти Туркия ҳаво кучлари томонидан уриб туширилганидан кейин икки мамлакат ўртасидаги алоқаларга путур етган эди. Ўшандан буён Россия ва Туркия ўртасидаги ришталар қил устида турибди.

“Россия билан Туркия ўртасидаги муносабатларнинг инқирозга юз тутиши Ўрта Осиё давлатларига ўз таъсирини кўрсатмаслиги керак, деб ўйлайман.

Биз Россияни душман деб билмаймиз. Россия бизнинг қўшнимиз. У билан дўстона қўшнилик муносабатларини давом эттиришни истаймиз. Фикрларимизда фарқлар бўлиши мумкин, хусусан, Сурия масаласида икки қил фикрга келишимиз мумкин, аммо бу Россия билан душман бўлишимизга сабаб бўла олмайди. Биз Россия билан иқтсодий алоқаларимизни янада ривожлантиришни истаймиз. Улар ҳам ўтган можаролардан сўнг вазминлик билан вазиятга ёндашишларидан умид қиламиз. Бизнинг Ўрта Осиё давлатлари билан муносабатларимиз, тарихий ришталаримиз бошқа давлатлар билан бўлган ўткинчи можаролардан кучлидир. Бунга ҳеч қандай шубҳам йўқ”,– дейди Шимшек.

17 февраль куни Туркия пойтахти Анқара шаҳрида рўй берган терактда қурбон бўлганларнинг оила аъзоларига кўпгина мамлакатлар қатори Россия ҳам ҳамдардлик билдирган эди. Бу эса икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг тикланиши ҳақидаги янги тахминларга замин яратди. Қизиқ, Шимшекнинг Россия билан боғлиқ юқоридаги илиқ фикрларидан кейинги вазият қандай кечаркин?

Теглар:Туркия Россия Су-24 Меҳмет Шимшек 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!