...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тошкент ва Наманганда ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги ўтказилади


13:34, 20.09.2016 Технология
 2 219

Унда ахборот хизматлари бозорида тақдим этилаётган энг замонавий тизим ва технологиялар намойиш этилади.

21-23 сентябрь кунлари Тошкент ва Наманган шаҳарларида анъанавий “ICTExpo – 2016” ахборот-коммуникация технологиялари миллий кўргазмаси бўлиб ўтади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
 
Унда ахборот хизматлари бозорида тақдим этилаётган энг замонавий тизим ва технологиялар намойиш этилади. Мамлакатимиз компаниялари юқори технологияли маҳсулотлар, хусусан, дастурий таъминот, компьютер техникаси, мобил алоқа ва маълумотлар узатиш хизматларини тақдим этади.
 
Шунингдек, иштирокчилар “электрон ҳукумат” бўйича амалга оширилган лойиҳа ва технологияларнинг энг яхши намуналарини ҳам намойиш қилади. Мазкур экспозиция ягона давлат маълумотлар базасини яратиш ва аҳолига интерфаол хизматлар кўрсатишга доир самарали ечимларни таклиф этиш имконини беради.
 
Ҳафталикнинг муҳим воқеаларидан бири бўлган “ICT Forum – 2016”да ахборот технологиялари ва коммуникациялар соҳасини янада ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари муҳокама этилади. Жорий йилда мазкур форумда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги етакчи компаниялар вакиллари, экспертлар ва хорижий мутахассислар – жами 800дан зиёд киши иштирок этади. Унда мавзуга оид саккиз йўналишда юздан ортиқ маъруза тақдим этилади.
 
Ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида талаба ва ўқувчилар ўртасида ўтказилган “BestSoft Challenge – 2016” дастурчилар танлови ғолиблари ҳам тақдирланади. Ёшлар ижод саройида эса “Intellect2All” танловининг мамлакат босқичи бўлиб ўтади.
 
Дастурчи, дизайнер ва менежерлар замонавий бозор учун долзарб бўлган веб-лойиҳа ва мобил иловалар устида реал вақт режимида иш олиб боради. Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Қашқадарё, Навоий, Тошкент вилоятлари ва пойтахтимиз жамоалари танловнинг 30 миллион сўмлик мукофот жамғармасига сазовор бўлиш учун ўзаро беллашади.
 
Шунингдек, ахборот хавфсизлиги бўйича Ўзбекистонда дастлабки “Cyber Security Challenge Uzbekistan” мусобақаси ҳам бўлиб ўтади. Саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган 97 нафар финал иштирокчиси стеганография, криптография, веб-боғланиш ва дастурий таъминот билан боғлиқ мураккаб техник вазифаларни бажаради.
 
Тошкент ахборот технологиялари университетида талабаларнинг нафақат лаборатория машғулотларини ўтказиш, балки илмий ишларни бажариш имконини берадиган “Huawei” компанияси лабораториясининг очилиш маросими ўтказилади.
 
Ҳафталик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда бошқа қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этилди.
 
Мамлакатимиз Биринчи Президентининг 2013 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган 2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури ушбу соҳани янада такомиллаштиришга хизмат қилаётир.
 
2004 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “ICTWEEK Uzbekistan” ҳафталиги мутахассислар ва ахборот технологияларидан фойдаланувчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
 
Тадбир доирасида 20 сентябрь куни ахборот-коммуникация технологиялари саммити ўтказилади. Унда ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш ва мустаҳкамлаш, соҳадаги ютуқ ва муаммоларни муҳокама қилиш ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича фикр алмашиш мақсадида Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар мутахассислари иштирок этади. 

Теглар:ICTWEEK Uzbekistan – 2016 ICT Forum – 2016 Intellect2All BestSoft Challenge – 2016 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!