Суриядаги жангарилар варақалар тарқатган ва унда ўз шартларини ёзган.
Мавжуд талаблар “Жейш-Ал-Фатх Олий ҳарбий кенгаши”нинг варақаларида келтирилган.
“Бизнинг раҳбарият Сурия армияси томонидан Алеппони бомбардимон қилиниши ва мавзеларни ёпиб қўйилиши оқибатида тинч аҳоли жабр кўраётганини ҳис қилиб турибди. Биродарларимиз билан муҳокама қилганимиздан сўнг, биз ёши 14 дан кичик ва 55 дан катта бўлган аҳолини шаҳардан чиқишига рухсат берамиз”, дейилади матнда.
Уларнинг шартига кўра, кетиш имконига эга бўлиш учун ҳар бир одамга 150 минг Сурия лири миқдорида пул тўланиши керак. Уларнинг айтишича, бу пуллар “фронтдаги биродарлари”ни қўллаб қувватлаш учун сарфланади.
Алеппонинг қуршаб олинган туманларидан тинч аҳолининг чиқиб кетиши учун Сурия ва Россия ҳарбийлари саккизта “гуманитар коридор” барпо қилди.
Россия ва Сурия ҳарбийлари 18 октябрдан бошлаб Алеппога ҳаво зарбаларини беришни тўхтатди. Бир ҳафтадан кейин эса ҳужумлар бўйича мораторий муддатини узайтиришга қарор қилинди.
Алепподаги ҳолат сўнгги ойлар давомида кескин ёмонлашди. Ғарб давлатлари Сурия ва Россияни қуролли мухолифат ва тинч аҳолини бомбардимон қилишда айбламоқда. Дамашқ ва Москва эса, ўз навбатида, улар фақат террорчиларга зарба берганини такидлаяпти.
Россия ва Сурия мўтадил мухолифат гуруҳларига таъсир ўтказолмаслик ва уларни экстремистлардан фарқлаёлмасликда Вашингтонни айбдор деб ҳисоблайди.