Иккинчи жаҳон уруши йилларида Европанинг уруш чангалида қолган ҳудудларидан ўн минглаб одамлар Яқин Шарқ минтақасига тинч ҳаёт истаб келишган.
Сурия пойтахти Дамашқ тарихда Араб халифалигининг маданий, иқтисодий ва маълум бир муддат сиёсий маркази бўлган. Энди эса бу шаҳарнинг кули кўкка совурилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Тарих ажойиб воқеаларга бой, тарих қайғули, мудҳиш ҳодисаларга тўла. Тарих жуда қизиқ. Ҳозирги кунда аҳолиси муҳожир бўлиб мамлакатни тарк этаётган Сурия диёри қачонлардир европалик қочоқлар учун бошпана бўлганини биласизми?
Иккинчи жаҳон уруши даврида, бундан 72 йил муқаддам Европанинг уруш қамраб олган ҳудудларидан ўн минглаб муҳожирлар Яқин Шарқ томон йўл олишди. Бугун суриялик қочоқлар Европа давлатларига кетаётган йўл орқали кеча европалик одамлар тинч ҳаёт истаб бу заминга келган эдилар.
Нима учун улар айнан Яқин Шарққа келишди? 1944 йилда Яқин Шарқ ёрдам ва қочоқлар идораси (MERRA) Сурия, Миср ва Фаластинда лагерлар оча бошлади. Мазкур лагерларда қонли урушлар тугагунча муҳожирларни қабул қилиш учун шароитлар яратилди. Шундан сўнг, европаликлар Шарққа томон йўлга чиқдилар. Бу ерда уларни очиқ юз билан кутиб олишди.
Орадан 72 йил вақт ўтиб энди суриялик қочоқлар европаликларнинг кўмагига муҳтож. Қуйида ўша уруш йиллари Сурияга келган европалик қочоқлар ҳақида ҳикоя қилувчи тарихий суратлар эътиборингизга ҳавола этилади.