...
МЕНЮ
ONLINE TV

Сурияда юз берган фожиага жавобан АҚШнинг ҳаракати адолатли эдими?


10:58, 08.04.2017 Олам
 5 921

Жаҳоннинг етакчи сиёсатчилари юз берган воқеа ва унда томонларнинг қарашлари АҚШ ва Россия ўртасидаги муносабатларга путур етказишини тахмин қилишди.

4 апрель куни Суриянинг Идлиб провинциясида кўнгилсиз воқеа юз бергани ҳақида хабар берган эдик. Ҳавога заҳарли газ тарқатилиши сабаб ўнлаб одамлар, жумладан, болалар ва аёллар бевақт ҳаётдан кўз юмишди. Бу фожиа бутун дунёни ларзага солди. Кўплаб мамлакатлар ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбарлари одамларнинг вафот этишига сабаб бўлган ҳаво ҳужумига ўз муносабатини билдирди. Айримлар бу ҳодисанинг етакчиси Сурия президенти Башар Асад эканлигини иддао қилгани ҳам сир эмас.
 
Кейинчалик АҚШ фожиа туфайли Сурияга жавобан ракеталар ёрдамида мамлакат авиабазасини ўққа тутди. Ҳужум оқибатида Хомс провинциясида Суриянинг камида 20 та самолёти йўқ қилинди. Пентагондан хабар беришларича, 59 та ракета учирилган. Хомс провинцияси губернатори 7 киши, хусусан, 5 нафар ҳарбий вафот этганини хабар қилди. Россия Мудофаа вазирлиги эса 2 нафар ҳарбий бедарак йўқолганини, 4 киши вафот этганини ва ўтни ўчириш вақтида 6 киши куйиш жароҳатларини олганини маълум қилди.
 
Шунингдек, ҳужум вақтида моддий-техник захираси сақланадиган омбор, ўқув биноси, ошхона, таъмирлашда бўлган МиГ-23 самолётлар йўқ қилинган.
 
Аввалроқ, фожиа сабабчиси деб кўрсатилган Башар Асадни Россия Федерацияси ҳимоя қилгани ҳақида хабар берилганди. Россия вакиллари заҳарли газ ҳужумининг Башар Асадга алоқаси йўқлигини таъкидлади. Аммо Россиянинг бундай вазиятда қолиши кўплаб норозиликларга сабаб бўлди.
 
БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида АҚШнинг доимий вакили Некки Хайли Сурия президенти Башар Асаднинг жиноятига қаршилик кўрсатмагани учун Россияни айблади.
 
“Россия ҳам юз берган воқеа учун масъул ҳисобланади. Башар Асад ҳар сафар инсонийликдан чиқадиган даражадаги ҳаракатларни амалга оширганида, Россия унинг томонида бўлган”, дейди Хейли. Унинг сўзларига қараганда, бу орқали Россия Башар Асаднинг сиёсат йўлини мустаҳкамлайди.
 
Ўз навбатида, БМТнинг Россиядаги доимий вакили ўринбосари Владимир Сафронов АҚШни босқинчиликни тўхтатиб, терроризмга қарши курашишга чақирди.
 
Кўплаб сиёсатчилар, ҳукумат раҳбарлари Суриядаги фожиага жавобан АҚШнинг бомбардимон ҳаракатини ёқлаган бир вақтда, россиялик сиёсатчи ўзига хос чиқиш қилди. Россиянинг ҳарбий сиёсатчиси, захирадаги подполковник Александр Перенжиев АҚШ ҳаракатига изоҳ берди. Унинг фикрича, АҚШ Сурия авиабазасига қилинган ҳужум орқали душмани террорчилар эмас, Башар Асад эканлигини кўрсатди. Ҳатто ИШИД ва бошқа террорчилик гуруҳлари ҳам АҚШ учун манфаат келтиради, дея таъкидлаган Александр Перенжиев Башар Асад аксинча, уларга қарши курашганини айтиб ўтди.
 
Жаҳоннинг етакчи сиёсатчилари юз берган воқеа ва унда томонларнинг қарашлари АҚШ ва Россия ўртасидаги муносабатларга путур етказишини тахмин қилишди. Аммо Оқ уй расмий вакили АҚШ ва Россия Сурия масаласи бўйича бир тўхтамга келишлари мумкинлигини маълум қилди.
 
АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари Суриядаги заҳарли газ ҳужумини “ядро уруши”, деб аташди. Президент Дональд Трампнинг қизи Иванка Трамп эса ўз отасининг Суриядаги авиабазаларни бомбардимон қилиш ҳақидаги қарорини қўллаб-қувватлаб, у билан фахрланишини айтди.
 
Иванка Трамп Twitter’даги саҳифаси орқали “Биз яшаётган ҳозирги даврда кескин қарор қабул қилиш талаб этилади. Инсониятга қарши қаратилган бундай даҳшатли жиноятни қўллаб-қувватламагани учун отамдан фахрланаман”, деб ёзиб қолдирди.
 
Суриядаги воқеа Россия ва АҚШ сиёсатчиларининг фикрларини икки томонга тарқатгани тайин. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз. 
Дурдона Расулова

Теглар:Башар Асад Заҳарли газ Россия Фожиа АҚШ Сурия 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!