...
МЕНЮ
ONLINE TV

Сурия фуқаросининг уруш ҳақидаги иқрорлари


16:33, 11.12.2015 Олам
 9 062

Суриялик Ал-Муфтий мамлакатдаги мудҳиш воқеалар ҳақида очиқ-ойдин сўзлади: “Умид қилишдан бошқа иложимиз йўқ!”

Анъанавий мусулмон давлатларидан бири бўлган Сурияда мана беш йилдан буён қонли урушлар бир дақиқага ҳам тин олгани йўқ. Жафокаш Сурия халқи сиёсий кучлар ўртасидаги зиддиятлар гирдобида қолиб кетмоқда.  Баъзилар ўз уйларини ташлаб, бошқа юртларга тинч ва осойишта ҳаёт топиш илинжида кўчиб кетишди.  Урушнинг даҳшатли оқибатларига қарамай, Сурияни тарк этмасдан, ҳали ҳам яшаб келаётган инсонлар ҳам бор. Танаси бошқа, дард билмас деганларидек Суриядаги вазият у ердаги халқ учун кўпроқ аён.

Яқинда бир сайтда суриялик оддий фуқаронинг TED интернет сайтига берган интервьюси эътиборимизни тортди. Суриянинг оддий фуқароси – Маҳмуд ал-Мафтийнинг кўрган-кечирганлари, бошидан ўтган аянчли кунлари ҳақидаги ҳикояси ҳар қандай ўқувчида у ердаги ҳақиқий манзара ҳақида тасаввур уйғотса ажаб эмас. Суҳбатни ўқиётиб, Суриядаги ҳолат кўз олдимда гавдалангандек бўлди. Шу сабаб интервьюни тўлиқ ҳолида эътиборингизга ҳавола этишга қарор қилдик.

Маҳмуд ал-Мафтий:
 — Дунё ақлдан озиб бормоқда. Аслида бошидан шундай бўлиб келган.

Мен ҳали ҳам Дамашқда яшаб келяпман. Менга 12 ноябрда Байрутдан, 13 ноябрда Париждан шумхабар келди.

У ерда содир бўлган воқеларни эшитиб, юрагимда оғриқ пайдо бўлди, қалбимда ачиниш ва ҳорғинлик ҳисси уйғонди. Яна кимлардир ўзининг яхши кўрган инсонлари билан бир умрга видолашди. Буни мен ҳам бошимдан ўтказганман ва қурбонларнинг яқинлари нималарни ҳис қилаётганини жуда яхши биламан. Шу онда ичимда яна ўша таниш қўрқув ҳисси уйғонди. Зотан давом этаётган уруш авж олиб, катталашиб кетиши мумкин.

Менинг қўрқувим бунгача кўрган ва гувоҳ бўлган Афғонистон ва Ироқдаги воқеалар билан қоришиб кетди.  Иккала вазият ҳам бизнинг мамлакатимиздаги вазиятга роса ўхшаш ва иккаласи ҳам на Ал-Қоиданинг маҳф этилиши билан ва на урушга нуқта қўйиш билан якун топди. Икки вазиятда ҳам охир-оқибат давлатлар инқирозга юз тутди, халқ юпун қолди, болалар саводсиз, оналар ётоққа михланган...

Мен эса тинч ва осойишта ҳаётни излаб, Суриядан бош олиб кетган ҳамюртларимни эслаб ўйга толдим. Назаримда, уларнинг кўпчилиги бугун катта қийинчиликларни бошларидан ўтказишяпти. Чунки ҳамюртларим европаликлар тасаввурида хавфли инсонлар ҳисобланадилар, уларни оддий инсонлар қаторига қўшмайдилар. Ҳолбуки, улар бор-йўғи тинч ва осуда ҳаёт кечириш илинжида бегона юртларда сарсон-саргардон бўлиб юришибди. Бу ҳақда ўйласам, уларга ниҳоятда ачиниб кетаман.

Менга келсак, уруш гирдобида яшаб келишда давом этаётган, чорасиз ҳамшаҳарларим сингари,  менинг қалбимда ҳам умидсизлик ҳукмрон, кимдан нажот кутишни билолмай ожизман.

Суриянинг одамлари яхши. Менинг Ватаним дунёдаги энг чиройли давлатлардан биридир. Бу юрт ва бу халқ бугунгидай ҳаётга лойиқ эмас. Биз бундай жазога лойиқ иш қилмаган эдик.

Яқинда бир китоб ўқигандим. Унинг қаҳрамонлари бутун умр Годот исмли инсонни кутиб яшашади. Биз ҳам худди шунга ўхшаш инсонни кутиб яшаётганга ўхшаймиз, менимча. У ким, ҳаётимизни қандай қилиб олдинги ҳолатига қайтара олади – биз буни билмаймиз. Лекин сўнгги беш йилда унинг келишига умид қилиб яшамоқдамиз. Чунки умид қилишдан бошқа иложимиз ҳам йўқ.

Биз кутаётган ўлимми ё халоскор? У ростан ҳам келадими, агар келса, қачон?

У келса, Суриянинг бошига Афғонистон ва Ироқнинг тақдири тушмайдими? Уни кутиб яшаш тўғримикан?

Уруш – бу даҳшат. Ночорлик – бу даҳшат. Бу ердаги иқтисодий аҳвол ва ҳаётнинг ўзи – даҳшат. Эртага нима бўлишини билмай яшаш – даҳшат.

Мен 33 ёшдаман. Тўрт ёшли ўғлим ва икки ёшли қизим бор. Уларнинг иккаласи ҳам уруш пайтида дунёга келди. Фарзандларим тинчлик нималигини ҳали ҳам билишмайди. Улар доим мендан қачон тинчлик бўлади, деб сўрашгани сўрашган. Энг қўрқинчлиси биласизми нима, мен уларнинг бу саволига жавоб беришга ожизман. Болаларим яна сўрашади, яна ва яна... Жавоб янграмаганидан сўнг, жим бўлиб қолишади”. – Шу ўринда, болаларнинг “тинчлик нима?”, –  деган саволига “Ўзбекистон” деб жавоб қайтаргим келди.

— Ҳаммага ўхшаб менинг ҳам орзуларим бор. Дунёнинг машҳур компанияларида ишлагим келади, мен ўз тарихимни яратишни истайман. Бунга менинг ҳаққим йўқми? Афсуски, йўқ! Сурия паспорти билан “биринчи рақамли давлатлар” ҳудудига киришимга йўл қўйилмайди ва бундан кейин вазият ўзгармаса керак.

Бизнинг ҳаётимиз шунчалик қисқаки, уни ниманидир кутиб яшашга сарфлаш бемаъниликдан бошқа нарса эмас.

Кейинги ҳаётда учрашгунча, дўстлар. Ҳар эҳтимолга қарши!
 
Мен бу суҳбатни бир неча марта қайта ва қайта ўқиб чиқдим. Уни биринчи марта ўқиганимда қалбимда шукроналик ҳисси жўш уриб кетди. Юртимиз тинч, омонимиз мусаффолиги, кексаларимиз дуода, болаларимиз тўкин ҳаётда улғаяётганига шукрона келтирди. Тинчлик – энг олий неъмат. Бу неъматдан баҳраманд бўлиш ҳаммага ҳам насиб қилавермас экан. Тинчликнинг қадрига етайлик!
Адиз Аҳмедов
Сурат муалифи: Мая Сариаҳмед

Теглар:Сурия Ал-Муфтий уруш мусулмон 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!