Сума Чакрабарти Лондонга борганидан сўнг Директорлар кенгашига Шавкат Мирзиёев билан учрашуви ҳақида сўзлаб бериши ҳақида ёзган.
“Сиз билан учрашувимиз самарали бўлганидан ғоят хурсандман, менга ва ҳамкасбларимга кўрсатилган самимий ҳурмат учун Сизга ва Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдираман. Ўзбекистондан қайтар эканман, мен ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистон билан банкимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичи бошланганини қўллаб-қувватлашимизни алоҳида таъкидламоқчиман”, деб бошланади Сума Чакрабартининг мактуби.
“Сиз ЕТТБ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни бундан буён ҳам ривожлантиришга тайёр эканингиздан миннатдорман”, деб сўзида давом этади Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) президенти.
Сума Чакрабарти Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакат ва унинг халқи манфаатларига хизмат қиладиган, имкониятларни янада кенгайтириш ва тараққиётни таъминлашга қаратилган ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини айтади.
“Сизнинг раҳнамолигингизда ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ЕТТБнинг кўплаб устувор йўналишлари билан ҳамоҳанг. Стратегияда демократик жараёнлар ва фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни эркинлаштириш, ишбилармонлик муҳити ва қонун устуворлигини такомиллаштириш, шунингдек, қўшни давлатлар билан муносабатларни янада ривожлантириш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилганини таъкидламоқчимиз”.
Сума Чакрабарти Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов имзолаган Англашув меморандумда қисқа муддатга мўлжалланган ҳамкорлик акс этгани, шу давр ичида Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистонда ЕТТБнинг мамлакатга доир ўрта муддатли стратегиясини биргаликда ишлаб чиқишини ёзади.
“Айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ва банк секторини қўллаб-қувватлаш, тезкор самарадорликка эришиш учун инвестиция муҳитини янада яхшилаш бўйича инвестицион, техник ва маслаҳатлашув лойиҳаларимизни қисқа фурсатларда ишга туширишни сабрсизлик билан кутамиз. Шу билан бирга, коммунал хизматлар, инфратузилма, энергетика ва бошқа соҳаларда узоқ муддат тайёргарликни талаб этадиган лойиҳаларни ҳам ишлаб чиқамиз”, дейди Сума Чакрабарти.
Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) президенти Ўзбекистон Стратегияда қайд этилган кенг кўламли ислоҳотлар дастурини амалга ошириши жараёнида ҳамкорлик янада кенгайишига ишончи комил эканини айтиб, Лондонга борганидан сўнг Директорлар кенгашига Шавкат Мирзиёев билан учрашуви ҳақида сўзлаб бериши ва яқин вақтларда Ўзбекистонга яна келишни кутиб қолишини ёзган.