Актёр рафиқасига қўл кўтарган. Ўша вақтда у спиртли ичимлик таъсирида бўлгани айтилмоқда.
Айтиш лозимки, ажрашиш учун судга аризани актриса Эмбер Хёрд берган. Кеча, 27 май куни суд қарорига асосан Жонни Деппга рафиқасининг ёнига 90 метр масофадан яқин келмаслик буюрилди, деб ёзади ТАСС.
Маълумотларга кўра, ажрим билан боғлиқ суд жараёнида актриса 21 май куни Жонни унга қарата уяли алоқа телефонини отгани ва юзига тарсаки туширганини айтган ва далил сифатида юзининг тимдаланган қисмининг суратларини тақдим этган.
Актрисанинг аризаси ва унда ёзилган, айтилган далиллардан сўнг, Жонни Деппнинг ҳар қандай йўл билан Эмбер билан суҳбатлашишга уруниши тақиқланган. Шунингдек, судья Карл Мур актёрга рафиқасига 100 ярд (91,4 метр)дан яқин келмаслик ҳукмини чиқарган.
“Мен Жоннининг уйга қайтиши ва мени ҳам руҳий, ҳам жисмоний жиҳатдан таҳқирлашини ўйлаб доим ҳадиксираб яшаяпман”, дейди суд залида 30 ёшли актриса. Эмбернинг айтишича, 21 май куни бўлиб ўтган воқеа вақтида, яъни унга тарсаки туширганда Жонни Депп спиртли ичимлик таъсирида бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Жонни Депп ва Эмбер Хёрд 2015 йилнинг февралида, никоҳ шартномасисиз турмуш қуришган. Уларнинг ажрими бўйича кейинги суд жараёни тахминан 17 июнь санасида бўлиб ўтади.