Афғон урушида иштирок этган зобитнинг Бош штабга етиб бормаган махфий хати 33 йилдан сўнг АК-47 русумли қуролдан топилди.
Тан олинмаган давлатнинг Ички ишлар вазирлиги берган маълумотларга кўра, қуролни сочиш пайтида қўндоқ ичидаги пенал бир нимага қисилиб турганини пайқаб қолишган. Эҳтиёткорлик билан уни олиб кўришганда, бу 33 йил аввал подполковник Яковенко ва капитан Жозлотин Афғонистондан туриб ёзган хат экани маълум бўлди.
“Ҳарбий қисм командирига. Шиндонд тумани - 110 дух. Очиқ матн билан ёзаман – биз қуршаб олиндик, курашишга ортиқ кучимиз қолмади. Кимки бу автоматни топиб олса, махфий хабарни СССР Бош штабига етказсин. Рота командири подполковник Яковенко ва командир ўринбосари капитан Жозлотин. 23.06.1983 йил. 16:00”, дейилади хатда.
Афсуски, хат Бош штабга етиб бормаган бўлса керак. Ҳозирча бу шахсларнинг кейинги тақдири нима билан тугагани ҳеч ким билмайди. Воқеага ойдинлик киритиш мақсадида Россия Афғон жангчи ветеранлар уюшмасига расмий сўровнома юборилди.