...
МЕНЮ
ONLINE TV

ШҲТ кеча ва бугун: Тошкент саммитидан нималар кутилмоқда?


13:11, 22.06.2016 Олам
 8 776

Кўлами жиҳатидан БМТдан кейинги ўринни эгаллаш арафасида бўлган ШҲТнинг Тошкентда ўтадиган саммитига 1000 дан ортиқ хорижий меҳмонлар келиши кутилмоқда.

Ўзбекистон кўплаб халқаро ташкилотларга аъзо ҳисобланади.  Шулар ичида давлатимиз Шанхай ҳамкорлик ташкилотида жуда фаол иштирок этиб келмоқда.  Жорий йилнинг 23-24 июнь кунлари пойтахтимиз Тошкент ШҲТнинг юбилей саммитига мезбонлик қилади. Айни кунларда мазкур халқаро саммитга жуда юқори даражада тайёргарлик кўрилмоқда. Шу фурсатдан фойдаланиб,  Ўзбекистон аъзо давлат сифатида фаолият олиб борадиган ШҲТ ҳақида батафсил маълумот беришга ҳаракат қиламиз. 
 
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти 2001 йилгача “Шанхай бешлиги” деб аталган. “Шанхай бешлиги” 1996 йилда Қозоғистон,  Қирғизистон,   Хитой,  Россия ва Тожикистон ўртасида ҳарбий соҳада ишончни мустаҳкамлаш ва чегара ҳудудларда қуролли кучларни камайтириш тўғрисида келишув имзолангандан сўнг, ўз фаолиятини бошлаган.
 
2001 йил 15 июнда Шанхай шаҳрида Қозоғистон, Қирғизистон,  Россия,  Хитой, Тожикистон ва Ўзбекистон давлатлари раҳбарлари томонидан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) тузилиши ҳақида Декларация имзоланди. 
 
Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Муғулистон Ташкилотда кузатувчи мақомига эга. Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка давлатлари ШҲТда “мулоқот йўлида ҳамкорлик” мақомини олган. 2010 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида ШҲТ ва БМТ котибиятлари ҳамкорлиги тўғрисида Қўшма декларация имзоланди. Шунингдек, БМТнинг Осиё ва Тинч океани мамлакатлари учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси, Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси, Евросиё иқтисодий ҳамжамияти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги каби ташкилотлар билан расмий алоқалар ўрнатилган. 
 
Ташкилот иккита доимий амалдаги органга, яъни Пекин шаҳрида ШҲТ Котибияти ва Тошкент шаҳрида ШҲТнинг Минтақавий Аксилтеррор тузилмаларига эга.
 


2015 йил 9-10 июлда Уфа шаҳрида ШҲТнинг навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Мазкур саммит давомида минтақавий муаммолар ва халқаро хавфсизликка доир долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиниб, ташкилот фаолиятидаги устувор йўналишлар ва ШҲТ доирасида кўп томонлама ҳамкорлик ривожининг истиқболлари муҳокама қилинди. 
 
ШҲТ саммити якунида давлат раҳбарлари томонидан Уфа декларацияси имзоланди, 2025 йилгача ШҲТ ривожланиш стратегияси, 2016-2018 йилларга мўлжалланган ШҲТга аъзо давлатларнинг терроризм, сепаратизм ва экстримизмга қарши курашиш учун ҳамкорлик Дастури тасдиқланди. Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТ аъзолигига қабул қилиниши жараёнининг бошланганлиги ҳақида қарор қабул қилинди. Агар Ҳиндистон ва Покистон  ШҲТга аъзо бўлиб кирса, бу ташкилот кўлами жиҳатидан дунёда БМТдан кейин иккинчи ўринда туради. Чунки,  унга аъзо давлатларнинг ҳудуди 34 млн километр квадратни, яъни Евроосиё минтақасининг 60 фоизини ташкил этади. Аъзо давлатларнинг аҳолиси эса 3 миллиард 40 миллион кишига тенг  бўлади, бу сайёрамиз аҳолисининг деярли ярмига тенг.
 
ШҲТнинг Уфа саммити якунланиши билан 2015-2016 йилларда Ташкилотга раислик Ўзбекистон Республикасига ўтди. 
 
Ўзбекистон раислик қилувчи давлат сифатида ШҲТга аъзо давлатларнинг манфаатларини акс эттирувчи ўзаро манфаатли ривожланиш, ШҲТнинг халқаро майдонда обрўйининг ортиб боришини таъминлаш каби тамойилларга риоя қилишга ҳаракат қилди.  
 
Мамлакатимиз ҳаётида кутилаётган катта сиёсий воқеа саналмиш ШҲТнинг Тошкент саммитида ташкилотга аъзо барча давлат раҳбарлари иштирок этади. Бундан ташқари, кузатувчи мақомига эга бўлган давлатлардан Афғонистон президенти Ашраф Ғани,  Беларусь президенти Александр Лукашенко, Мўғулистон президенти Цахиагийн Элбэгдорж, Покистон президенти Мамнун Ҳусайн, Ҳиндистон Республикаси бош вазири Нарендра Моди,  Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Зариф иштирок этади. Шунингдек,  раислик қилувчи давлатнинг таклифи билан меҳмон сифатида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам Тошкентга келади.
 
ШҲТ саммитида бир қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳам иштирок этиши кўзда тутилган: Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби ўринбосари Жефри Фелтман,  Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг Ижроия қўмитаси ижрочи котиби Сергей Лебедев, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Бош котиби Николай Бордюжа, АСЕАН Бош котиби Ле Лионг Минь ва Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгашининг ижрочи директори Гун Цзяньвэй.
 
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати берган маълумотларга қараганда, ШҲТнинг Тошкент саммитига аъзо давлатлар, кузатувчи мақомига эга давлатлар, халқаро ташкилотлар ва чет эл ОАВ вакилларидан иборат тахминан минг киши иштирок этиши кутилмоқда.
 
ШҲТнинг Тошкент саммитида кун тартибига қуйидаги масалалар қўйилади:
 
• Давлат раҳбарлари кун тартибига мувофиқ ШҲТ доирасида кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қиладилар, шунингдек, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашдилар. 
 
• Давлат раҳбарлари учрашув сўнгида асосий ҳужжат – ШҲТ ўн беш йиллигининг Тошкент деклорациясини имзолайдилар.  Мазкур ҳужжатда ташкилотнинг ўтган 15 йилллик фаолиятини баҳолаш,  аъзо давлатларнинг ШҲТ ривожланиши истиқболларига доир бир-бирига мужассам ёндашувлар, шунингдек,  ҳозирги халқаро ва минтақавий вазиятга нисбатан давлатларнинг позициялари акс эттирилади.
 
• Давлат раҳбарлари ШҲТнинг 2015 йилгача тараққиёт стратегиясини амалга тадбиқ этиш бўйича 2016-2020 йиллар оралиғида мўлжалланган Тадбирлар режасини тасдиқлайдилар.
 
23-24 июнь кунлари ШҲТнинг Тошкентда ўтадиган саммитидан сўнг, Ўзбекистоннинг ташкилот раислиги муддати якунига етади.  
Руслан Сулаймонов

Теглар:ШҲТ Қозоғистон Қирғизистон Россия Хитой Тожикистон Ўзбекистон 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!