“Сизга фарзандли бўлиш имконияти бўлмаган вақтда, бошқаларнинг турли усуллар борлиги ҳақидаги гаплари оғир ботади”, дейди қўшиқчи.
Албатта, бу кураш унга жуда қимматга тушди ва ҳозирга қадар унинг саломатлигида ўз асоратларини кўрсатмоқда.
Кайли Миноуг кеча, 21 декабрь куни “The Sunday Times Magazine” журналистларига интервью берди. Айни интервьюда у ҳаётида ҳали ҳеч кимга ошкор қилмаган сирлари билан бўлишди. Ўзини қийнаётган армонлар, муаммолар ҳақида гапириб ўтди.
“Сизда бирор жиддий касаллик аниқланганда, буни табиий ҳол, деб қабул қилишингиз керак. Саратон бўлса ҳам. Демак, шундай бўлиши керак бўлган.
Она бўлишга келсак, атрофингиздаги одамлар она бўлишнинг турли усуллари борлиги ҳақида гапирганларида, маслаҳат берганларида, инсоннинг дод солгиси келади. Албатта, имкониятларнинг борлиги яхши. Жуда яхши! Бироқ, бетоб бўлганингиздан кейин, табиат инъом этган бахт сизга насиб этиши борасида муаммонинг борлигини сезганингиз ҳамоноқ, умидлар пучга чиқади.
Менимча, ичимизда ҳар бир киши, қизи ёки ўғли бўлган тақдирда, унинг кўриниши қандай бўлиши ҳақида ўйлайди. Ўз-ўзига “Фарзандларимнинг кўриниши қандай бўлган бўларди?”, дея савол беради.
Афсуски, мен ҳам кўплар қатори бу ҳақда узоқ вақт ўйладим ва тан олиб айтишим керакки, охир-оқибат тақдирга тан бердим”.
Кайлининг ушбу сўзлари ижтимоий тармоқда жуда катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Мухлислар орасида, Кайлининг ўзи айтганидек, унга фарзандли бўлишнинг турли усуллари ҳақида маслаҳат берувчилар ҳам топилди.
Хонанда интервьюда тақдирга тан бергани ҳақида айтаётган экан, демак вазият жиддий. Акс ҳолда, бирор усул ва муолажани қўллаб, даволаниб, фарзанд кўришга унинг маблағи ҳам, вақти ҳам етарди, шундай эмасми?
Кайлининг яқинлари доимо унинг ёнида. Маълумотларга кўра, айни дамда у жиянлари билан вақт ўтказмоқда.
Журналистларнинг “Бўлажак турмуш ўртоғингиз бунга қардай қарайди?”, деган саволига 48 ёшни қарши олган Миноуг жавоб беришни истамади. У икки оғиз сўз билан “Бу бошқа мавзу”, деб суҳбатга якун ясади.