...
МЕНЮ
ONLINE TV

Салом-аликни қойиллатиб, хайр-маъзурга келганда... кимлигимизни намоён килдик!?


15:12, 24.04.2018 Таҳлил
 23 567

Ўзгаришлардан шунчалик шошиб қолдикми? Баъзилар ресторанда овқатни бир неча дақиқа кечроқ олиб келган официант ёки уйига келиб қаҳва дамлаб бермаган тез тиббий ёрдам ҳамширасининг устидан ҳам порталга ёзишни ўрганди.

Қамариддин Шайхов,
“Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари

Иллат излаганга иллатдир дунё,
Ғурбат излаганга ғурбатдир дунё.
Ким нени изласа, топгай бегумон,
Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё.
 
Замонлар ўтади, неча фасллар алмашади. Аммо Садриддин Салим Бухорийнинг юқоридаги сатрлари қадрини, қийматини йўқотмайди.
 
Туркманистон Президенти ташрифига оид ижтимоий тармоқлардаги фикр-мулоҳазалар, ўзини журналист санаганларнинг турли электрон ОАВда эълон қилинган субъектив фикрларга бой, нохолис мақолаларини ўқиб, юқоридаги рубоийда келтирилган фикрнинг нақадар тўғрилигини ўйлаб қоласан...
 
Уларда мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ўқувчилари, талабалар ва уларнинг ўқитувчилари Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг кортежи ўтадиган кўчаларга “мажбуран олиб чиқилгани”, улар Президентнинг бир неча сонияда зувуллаб ўтадиган кортежига қўл силташ баҳонасида “офтобда қолгани, ҳатто, очликка маҳкум қилингани” иддао қилинади. Булар таниқлиман деб бонг урадиган интернет-сайтларнинг айтганлари.
 
БИЗ КИММИЗ?
 
Темур авлодимиз, деб фахрланамиз. Томиримизда буюк уламолар, авлиёлар қони оқаётгани, илм-маърифат бешигида улғайганимиздан бошимизни баланд тутамиз. Аслида ҳам бизга шуниси ярашади. Лекин қилаётган амалимиз, айтаётган сўзимиз шунга мосми?
 
Бироз узоққа кетамиз. Амир Темур салтанати, у юритган сиёсат ҳақида ўқиганларингизни эсланг. Саркарда доим қўшнилар, сиёсатда ҳамфикрларга олий ҳурмат, эҳтиром кўрсатган. Ҳатто, душман тарафдан келган элчиларни ҳам қиличини қинига тиқиб, юзида табассум билан кутиб олган. Ўзининг маърифатини, адолатли ҳукмдор эканини намоён этган. Ва албатта, халқи ҳам унга эргашган.
 
Бугун ижтимоий тармоқларни “гуллатаётган”, ҳар нарсадан иллат ахтараётган, “Туркманистон Президентини бундай кутиб олиш кимга керак, яна талабалар мажбуран кўчага олиб чиқилди, бир кунлик дарслардан қолиб кетди” деётганлар ўзига “Биз киммиз?”  деган саволни бериб кўряптими?
 
Бутун дунёга меҳмондўстлиги билан танилган, меҳмоннинг иззатини, ҳурматини ўзиникидан юқори қўядиган, борини олдига тўкиб-сочадиган, ўзбекмиз! Мусофир юртда қўлни қўлга бериб, қардош, қариндош бўлган, юрт ҳимояси учун моли тугул жонини ўртага қўйган ўзбекмиз. Ўз боласига бир тишлам нон тутиб, урушга жўнатган, ортидан келган бир энлик хатга аза очиб, Ватан учун жон берганидан ғурурланган ўзбекмиз! Биз ҳамон ўша ўзбекмиз...
 
Бироқ, ўша вақтларда бўлгани каби, ҳозир ҳам халқнинг ичидан чиққан, гўё унинг дарди учун курашаётган “қаҳрамон”лар кўп! Модомики сайилга чиққандек, қўлда байроқ, юзида табассум билан меҳмондўстлик қилиш халқнинг дарди, муаммоси, мусибати бўлса, бошқасини айтишга тил ожизлик қилади. Ё бизнинг фаҳмимиз калта ё улар замондан илгарилаб кетган.
 
Баъзан ижтимоий тармоқларда одамлар кун сайин тарқоқ бўлиб бораётгани, ҳатто, кўчада йиқилган кишига ёрдам бериш ўрнига телефонини олиб, суратга туширишга ошиқишидан сўз очилади. Ўша иллат изловчилар ҳам халқнинг уюшқоқ эмаслигидан нолийди. Хўш, одамлар қачон уюшқоқ бўлсин!  Ҳашарга чиқса айб, байроқ кўтариб сайилга чиқса, яна айб. Ижтимоий тармоқда кимнингдир бемаза суратига, “мени ўлдириб кетмоқчи бўлишди” деган постига “лайк” босса уюшадими?
 
Юртимизнинг кўп гўшасида ҳали ҳамон маҳаллада тўй бўлса, кимдир самоварга ўт қалаган, кимдир стол-стулларни тартибга келтирган, кимдир жой тузаган. Келадиган қудаларнинг олдида маҳалланинг обрўси тушмасин дейилади. Ҳатто, 5-6 яшар болалар ҳам ишсиз қолмайди. Куёвларни бошлаб келган карнай-сурнайчиларнинг ноғорасини тутиш энг полвон болага насиб қилади. Маҳалла-кўй катталари, қариндош-уруғлар эшик тагида қўл қовуштириб, меҳмонларга “келинг, келинг” деб туришади. Рад этманг, буни ҳаммамиз кўрганмиз. Ўшанда одамлар бир-бирига бугунгидан меҳрлироқ эди. Қўни-қўшнининг ҳурмати чексиз эди, қўшнида қўшнининг ҳақи бор деган гапга бугунгидан анча кўп амал қилинарди. Кеча халқимиз ҳам қўшнимиз олдидаги ҳақини адо этмадими?
 
Бугун ёшлар, талабаларнинг Президентларни кутиб олиш тадбирларига чиқишини қоралаётганлар, ўзини миллат учун қайғураётган кўрсатиб, аслида ўша, ғарбнинг индивидуаллик тамойилини, қўпол қилиб айтганда, “ўзинг учун ўл етим” мазмунидаги яшаш тарзини тарғиб етаётгандек.
 
САЛОМГА ЯРАША АЛИГИМИЗ БОР!
 
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов вафот этган кунларни эсланг. Халқ оғир қайғуга ботди. Бутун дунё кўрди кўзидаги ёшни. Биринчилардан бўлиб дардимизга шерик бўлган давлатлар қаторида Туркманистон ҳам бор эди. Мамлакат раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов Ислом Каримов дафн маросимига келди, таъзия тадбирларида қатнашиб, халқимизга ҳамдардлик билдирди.
 
Қўшнисининг ҳақини, маросимда айтганиларини ярим йўлда қолдириб кетмади. Туркманистондаги марказий кўчалардан бирига Ислом Каримов номини берди. Ислом Каримов бюстни барпо эттирди.
 
Бу орада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев икки марта давлат ташрифи билан Туркманистонга борди. Қандай кутиб олишди? Юксак ҳурмат, эҳтиром, совға-саломлар, ҳамкорлик борасида янги келишувлар... Фахрий қоровул дейсизми ёки халқ, Мирзиёевнинг ташрифига катта тайёргарлик кўргани сезилиб турарди.
 
Ёки Президент Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга ташрифини эсланг. Ўзбекистон раҳбарининг 2017 йил 22-24 ноябрь кунлари Корея Республикасига амалга оширган сафари давомида унга кўрсатилган ҳурмат ва эҳтиромда бутун ўзбек халқига бўлган муносабат ўзининг ҳаётий ифодасини кўрсатди. Ўшанда корейс халқи, асосан болалар Мирзиёевни тантанали кутиб олишга таклиф қилинганди. Халқ самимий муҳаббатини кўрсатди. Ҳеч ким нолимади. Аксинча, Ўзбекистондан туриб давлатимиз раҳбари шундай кутиб олинганидан ғурурландик.
 
Туркия ташрифини-ку айтмаса ҳам бўлади. Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Президент Шавкат Мирзиёев, ўзбек халқига, Ўзбекистон заминидан ўтган уламоларга, унинг буюк тарихига ҳурмати бутун ташрифда юқори савияда сезилиб турди.
 
Энг сўнгги ташрифлар қаторида Тожикистонга сафар тарихийси бўлди. Яқин тарихда Ўзбекистон раҳбарига бундай ҳурматни кузатганмидингиз? Хўш, саломга яраша алик айтиб, ҳурматимизни кўрсатишимиз керакми ё йўқ?
 
ШОШИБ ҚОЛДИК...
 
Ўйлаб кўрганмисиз? Президентлар нега учрашади? “Гап”нинг пулини бериш, чойхўрлик қилиш, янги туризм зиёратгоҳларини кезишми мақсад? Йўқ, фантазия ҳам олмайди буни, маиший эмас масала. Эртанги даромадимиз, чегаралар хавфсизлиги, ҳар соҳада ҳамкорликни кенгайтириш, хуллас, олди-бердини янада мустаҳкамлаш, дарвоқе, минтақавий тинчлик масалалари ҳал этилади бу учрашувларда. Давлат раҳбарлари халқнинг бугуни, эртаси учун тер тўкаётганда уларни олқиш, табассум ва давлат рамзи бўлган байроқлар билан кутиб олиш шунчалик малол келдими бизга?
 
Сўз ва матбуот  эркинлиги даврида энди “чайналмаган” мавзу тугаб, шикоят навбати ойда йилда бир марта келадиган олий даражадаги меҳмонларни кутиб олишга етдими?
 
Ўзгаришлардан шунчалик шошиб қолдикми? Баъзилар ресторанда овқатни бир неча дақиқа кечроқ олиб келган официант ёки уйига келиб қаҳва дамлаб бермаган тез тиббий ёрдам ҳамширасининг устидан ҳам порталга ёзишни ўрганди. Ўтган қисқа давр бизни нохолис шикоятчилар-у оғзига келганни вайсайдиганларга (бугуннинг тили билан айтсак, “расо” ақлидан ўтган ҳар нарсани ижтимоий тармоқда муҳокамага қўядиганларга) айлантиргандек...
 
Ижтимоий тармоқларда, интернет ОАВда муносабатини билдираётганлар ўша тадбирларда иштирок этганлар, майли, иллатнамо таъбир билан айтганда оммавий жалб қилинганларнинг ҳам фикрини ўргансалар, мақсадга мувофиқ бўларди. Ишонаманки, Гурбангули Бердимуҳамедовни қаршилашга чиққанларни ҳеч ким мажбурламаган, пешонасида тўппонча ҳам тирамаган. Кўнгилни кенг қилинг. Дунёдан ҳикмат изланг!

Теглар:Гурбангули Беридмуҳамедов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!