...
МЕНЮ
ONLINE TV

Саида Раметова: “Мен йиқилганни тепадиганлардан эмасман!”


12:11, 08.09.2015 Интервью
 13 430

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова бир ярим йиллик танаффусдан сўнг яна Ўзбек миллий академик драма театрига ишга қайтди. Бу хабардан сўнг Раметовлар хонадонига йўл олдик. Саида опани сўнги вақтларда бундай хуш кайфиятда кўрмаган эдим.

Saida Rametova— Саида опа театрга қайтганингизни эшитиб қувондик. Кўриниб турибди кайфиятингиз яхши. Театр сизни қандай қабул қилди?
— Театрга қайтган куним кўпчилик устозларим, ҳамкасбларим ўша ерда эди. Ҳаммалари самимий муносабатда бўлиб, илиқ кутиб олишди. Мен уларни, улар мени соғинишгани сезилиб турарди. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ деб бекорга айтишмас экан. Бу вақт мобайнида театр мени қадримга етганини сездим. Аслида бу театрда ишлаётган ҳар бир кишининг ўз ўрни, театрнинг равнақида озми кўпми меҳнати бор. Буни ҳеч ким ўчириб юборолмайди. Бу театрда ишлаётганларнинг ҳар бири ўз ишининг чинакам вафодор, содиқ кишилари. Санъаткор ўз касбини севмаса, саҳнага томошабинларга талпиниб чиқмаса мен уни санъаткор санамайман. Айтмоқчиманки мени театрга қанчалик ўрним билинган бўлса, театрнинг ҳам менга шунчалик ўрни билинди. Бир ярим йил давомида ўзимдан ўтганини ўзим билдим холос. Умримнинг ярмидан кўп қисмини ана шу театрда ўтказдим. Қувончим ҳам, қайғуйимга ҳам ўша саҳна, саҳнадошларим шерик бўлишди. Буларнинг барчасида бир кун айрилиш осон эмас. Шукр ҳаммаси ўз ўрнига тушиб мен қатори Ўзбек миллий академик драма театридан бўшатилган кўпгина ходимлар яна ўз ўринларига қайтариляптилар.

— Кетганингизда то қайтгунингизга қадар воқеанинг охири нима билан тугаркин диб роса кузатдим. Агар эсингизда бўлса театрда кетганингизда биринчи интервьюни ҳам ўзим олгандим. Бу орада “Муқимий” театрида ҳам иш бошладингиз. Лекин саҳнага чиқиш насиб қилмади.
— “Муқимий” номидаги мусиқали драма театрига собиқ директор, Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабовнинг таклифларини рад эта олмай боргандим. У ерда доимий ишлаш фикрим бўлмаган. Битта спектакльда бирга роль ўйнасак деган таклифни берганлари учун уларни рад эта олмадим. Устига-устак “Муқимий”да қўйилаётган “Отасининг қизи” пьесаси бундан 30 йил аввал ҳозир Ўзбек давлат драма театрида қўйилганида турмушга чиқиш арафасидаги қизни ўйнагандим. Вақтнинг ўтишини қарангки “Муқимий”да ўша қизнинг онаси ролини топширишди. Анча вақт репетицияларда қатнашиб юрдим-у лекин барибир саҳнага чиқа олмадим. Лекин менинг бир кичик орзуим бор. Қайси театр ходими бўлишидан қатъи назар ҳар бир актёр бошқа театрларда ҳам ўзини синаб кўриши керак. Ана ўшанда театрларда ўзаро рақобат кучаяди, актёрлар ўз устида янада кўпроқ ишлайди.

— Ўзбек миллий академик драма театрига қайтганингиздан кейин “Андишали келинчак” спектаклида ўйнадингиз. Сизни саҳнада кўра туриб, Саида опа ҳақиқатдан ҳам театрни соғинибди деган ўй келди.
— (кулиб) Нимасини айтасиз. Ҳатто саҳнадош, ҳамкасбларим ҳам сиз айтган гапни айтишди. Ўша куни томошабинларнинг нигохларидан, табассумлари, қарсакларидан куч олдим. (ўйланиб) Юрагимдан кечган нарсаларни, бир ярим йиллик соғинчни фақат бошидан ўтказган одамгина хис қилади.

— Кетганингизда воқеанинг асл сабабини билмай туриб Саида опа театрни эмас тўйни танлади деган гаплар қулоғимизга чалинганди. Бундан гапларни ҳатто ўзингиз тўйга олиб чиққан, сиз сабаб эл хизматида танилган ёш ҳамкасбларингиздан ҳам эшитиб ҳайрон қолдик.
— Тўғриси бу гапларга унчалик эътибор бермайман. Улар ҳам ёш, ўша пайт вазиятни тўғри баҳолашни билишмагандир. Ахир ким хато қилмайди. Уларни аллақачон  кечириб юборганман. Ва албатта ўзим ҳам театрга қайтгач ўтган вақт давомида жаҳл устида кимнидир ҳафа қилиб қўйган бўлсам, мени кечиринглар деб узримни сўрадим. Театрда масалам кўрилиб, катта мажлис қилинганда кимнидир айбдор қилиб ўтирганим йўқ, ўзимни оқламадим ҳам. Мардларча ҳамма айбни бўйнимга олиб, театрни тарк этдим. Чунки бошқа чора ҳам қолмаганди. Ўша вақт собиқ директорнинг қарорини жуда тўғри қабул қилдим. Балки тўғри қилаётгандир, ҳақиқатдан ҳам тўйга чиқадиганларни бирин кетин кетказишар деб ўйладим. Йўқ, тўй борасида машмаша мен билан бошланиб, мен билан тугади.

— Балки театрдан кетишингизнинг асл сабабини очарсиз. Ахир орадан  бир ярим йил вақт ўтди.
— (ўйланиб) Мендан нима гапни кутаётганингизни сезиб турибман. Лекин, бу машмашаларнинг асл моҳиятини, сабабларини ҳеч қачон, ҳеч кимга ошкор этмайман. Кечаги иш кечада қолиб кетди. Яратган кимгадир бериб синаркан, кимдандир олиб... Бир ярим йил ичида чиқаркан хулосам шу бўлди. Маҳмуд Исмоилов билан сўнги вақтларда бироз келишмай қолган бўлсак-да анча йиллик қадрдонмиз. Шоҳида билан ҳам талабалик давримиздан дугона эдик. Хуллас гап йиқилишда эмас, яна қаддимизни тик тутиб туриб олишда. Мен эса йиқилганни тепадиганлардан эмасман. Вақт энг олий ҳакам! Ҳар нарсани ўзи жой-жойига қўяди. Мен бунинг исботини жуда кўп бор кўрдим.

— Янги раҳбар, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатҳулла Маъсудовнинг фаолиятини қандай баҳолайсиз.
— Тилёғламалик деб тушунмассиз-у лекин Фатҳулла жуда тарбияли, билимли, ҳамкасбларини, атрофдагиларни ҳурмат қиладиган, очиқкўнгил меҳрибон инсон. Ўз касбини севади, шунинг учун театрда янгидан янги ўзгаришлар, ўсишлар бўлишига кўзим етяпти. Лекин унинг адолатли раҳбарлигини суистеъмол қилишмаса бўлгани.

— Театрда бугун тарихий асарларга, хориж классикасига эхтиёж катта. Бир вақтлар “Увайсий” спектаклида ўйнаган эдингиз. Уни тиклаш ниятингиз йўқми?
— Бор айни дилимдагини топиб айтиндингиз. “Увайсий” бугунги кун ёшлари томоша қилиши керак бўлган, мавзуси замонлар оша эскирмайдиган залворли спектакль. Бу асарни яна саҳнага қайтариш керак. Ҳаракатни бошладик, насиб қилса тез орада бу асар ҳам саҳна юзини кўриб қолади деган умидимиз йўқ эмас.

— Бугун Ўзбек миллий академик драма театри янги ёш чеҳраларни кашф қилмаётгандек. Шодия Тўхтаева, Дилноза Кубаевадан кейин Нигина Анорбоеванинг ижросини яхши деб баҳолаш мумкин-у барибир унда тажриба камлиги сезилиб туради. Лекин “Ўзбекча рақс”да Нигинанинг ижроси томошабинларга ёқяпти. Битта спектакльда бир қаҳрамоннинг ҳам ёшлиги ҳам кексайганини ўйнаш мушкул иш. Гарчи кексайган чоғини Нигина жуда маромига етказиб ўйнолмаётган бўлса-да спектакльдаги умумий ижро мақташга арзигулик.
— Дарҳақиқат, актриса Нигина Анорбоевани мен ҳам  Ўзбек миллий академик драма театрининг иқтидорли, келажаги порлоқ актёрлари қаторига қўша оламан. Кўп ёш актёрларимизнинг бирдан кўзга ташланмаётганига келсак Ўзбекистон халқ артисти Турғун Азизов  ёш актёрлар билан жуда яхши ишладилар. Уларда оддий томошабин кўра олмаган нарсаларни кўра биладилар. Лекин ҳамма актёрлар ҳамма “юлдуз” бўлиб туғилмас экан. Саҳнанинг элаги эса вақтнинг ва томошабиннинг қўлида.

— Яқинда Саида Раметова автоҳолакатга учраб, оламдан кўз юмибди деган хабарлар тарқалибди. Ўзингиз ҳам эшитдингизми?
— Навоийлик бир дугонамнинг онаси қўнғироқ қилиб Саида Раметова оламдан ўтибди деганмиш. Ҳалиги дугонам ховлиқиб уйимга қўнғироқ қилибди. Ўша куни театрда илк спектаклимга тайёргарлик кўраётган эдим. Бироз кайфиятим тушдиюяна ишимда давом этавердим. Бир вақтлар кенжам Азизга хомиладорлик пайтларимда ҳам шундай гаплар тарқалганди. Ўшанда ҳам одамлар 1 йил гапириб сўнг унут бўлиб кетган.

— Дарвоқе, Азизнинг уйланишига келсак. Мана уч йилдирки ҳар йили тўй қиламан дейсиз, ҳеч дарак йўқ. Ё Азиз бўй бермаяптими?
— (кулиб) Нимасини айтасизз, бу болам ҳеч уйланай демайди. Ҳозир ўзи фильм суратга олаётгани учун шу кинойимни тугатиб олай, кейин қачон десангиз ўшанда тўй қиламиз деб ваъда берди. Агар ваъдасининг устидан чиқмаса ўзидан кўрсин, ўзим хохлаган қизни уйига совчиликка бориб, тўйни белгилаб келавераман. Истаса тўй ўтар... (кулгу кўтарилди) Баъзида ўзига шундай ҳазил қилиб қўяман. Шундаям хўп демайди. Хуллас, насиб қилса шу йил албатта тўй қиламиз.

— Суҳбатни яхши кайфиятда бошлагандик, унинг охирини ҳам шундай якунласак. Саида Раметованинг позитив кайфияти нимадан озуқа оладин.
— Атрофдан, яхши одамлардан, мухлисларимдан, қадрдон ҳамкасбларимдан... Инсон ҳаётдаги ҳамма синовга кулиб боқиши керак экан. Баъзида тақдирнинг шундай синовларига дуч келамизки, улардан қочиб кутилиб бўлмайди. Ўша тақдирни муносиб яшаб ўтиш керак. Мен ўзи тақдиримни, энг оғир дамларини ҳам муносиб яшаб ўтаётганимдан мамнунман. Балки шунинг учун ҳаётга доим табассум билан боқарман.
Қамариддин Шайхов суҳбатлашди
Фотомухбир Бекзод Мирсодиқов

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар

Наргиза
00:12 13.12.2016

Сайида опа ижодизга омад гапизда жон бор сиз ёмон иш килганиз йук ёшларни мухокама килишсин сиз ёши улуг санаткорсиз сизни мухокама килишлари уяяяяят


мухлисингиз Феруза
23:50 26.04.2016

Саида опани биз оиламиз билан хурмат киламиз ва яхши курамиз .Саида опа шу пайтгача кино ва театрда ролларни маромига етказиб уйнаганлар ва уйнаб келмокдалар.Одамларда виждон,инсоф диган нарса колмаган шунака шармандаликка арзидиган одамлар колиб окила,андишали аёлни интернетга чикариб шарманда килишни уйлашмабди.Вахоланки шу инсон шу одамлар учун хизмат килиб,маданий хордик чикаришларига сабабчи булган"уят!"рахмат дейиш урнига шу ишлари тугрими.Одамлар кузилани очила бу аёл бу ишилага арзимайдила.


Abror
15:57 01.03.2016

Assalomu aleykum ozbek xalqi xaqiqattan xam saida opa rametova tengsiz aktrisa uning xar bir oynagan kinosi va kliplari mengga judayam yoqadi


Nuriddin
10:31 04.02.2016

Саида Раметова шубхасиз ажойиб ва хакикий санъаткор.



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!