Михаил Саакашвили фуқароликдан чиқариш бўйича Украина президенти Петр Порошенконинг берган буйруғига ўз муносабатини билдирди.
“Биз маъмурий судга мурожаат қиламиз. Агар маъмурий суд масалани ҳал қила олмаса, Страстбургга борамиз,” деб изоҳ берди Михаил Саакашвили.
Эслатиб ўтамиз, 26 июль куни Украина миграция хизмати Саакашвилини мамлакат фуқаролигидан маҳрум этилгани ҳақида хабар берган эди. Ўша вақтда Саакашвили АҚШда бўлган. Украина ОАВлари уни жума куни қайтиб келишини тахмин қилишганди. Саакашвилининг адвокати Павел Богомазов унинг қачон Украинага қайтишидан бехабар эканлигини маълум қилган эди.
Михаил Саакашвили 2015 йил май ойида Украина фуқаролигини олган эди. Шу сабаб у Грузия паспортидан воз кечган. Грузияда собиқ президентга нисбатан жиноят иши очилган. Тбилиси икки марта Киевдан Саакашвилини мамлакатга қайтаришини сўраб, мурожаат қилган, бироқ ҳар сафар Киев рад жавобини берган эди.