...
МЕНЮ
ONLINE TV

Роҳине мусулмонларининг тақдири ҳамон ноаниқлигича қолмоқда...


12:26, 04.09.2017 Олам
 3 224

БМТ ушбу воқеалардан “ташвишда эканлигини” билдириб ўтди. 19 сентябрь куни Аракандаги вазият бўйича Хавфсизлик кенгашининг йиғилиши ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Аввалроқ, Мьянмада яшовчи роҳине мусулмонлари ҳукумат ҳарбийлари ва маҳаллий буддавий аҳоли томонидан ўлдирилаётгани ҳақида хабар берган эдик.
 
Бугунги кунга келиб Аракандаги вазият янада қалтис ҳолатга келган. Ижтимоий тармоқлар орқали роҳине мусулмонларининг аёвсизларча қийноқ билан жонига қасд қилинаётгани акс этган видеолар ва фотосуратлар тарқалди.
 
Ачинарлиси, фуқаролик уруши деб аталаётган мазкур жанжал-тўполонларда ёш болаларга ҳам шавқат қилинмаяпти...

Гувоҳларнинг айтишича, қўлга олинганларнинг уйлари ёқиб юбориляпти, асирга олинганлар турли қийноқлар натижасида нобут бўлмоқдалар.
 
Мьянмада ушбу низолар 25 август куни бошланган эди...
 
БМТнинг маълум қилишича, икки ҳафтача вақт ичида 60 мингга яқин киши Мьянмадан Бангладешга қочган.
 
Наф дарёсидан ўтиш чоғида бир неча киши сувга чўкиб кетган. Аввалроқ, гўдакларнинг сувга ғарқ бўлгани ҳақида хабар берган эдик.
 
Хориж манбаларида қайд этилишича, Мьянмада қалтис вазият 5 йилдан буён ҳукмронлик қилмоқда. 2016 йил баҳорда мамлакатда раҳбар ўзгарди. Илк марта ҳокимият тепасига демократик мухолифатчи Аун Сан Су Чжи келди. У қарийб 30 йил давомида мамлакатда ҳарбий бошқарувга қарши курашиб келган, 15 йил уй қамоғида ўтирган.
 
У тинчлик учун Нобель мукофоти совриндори. Бу аёл Мьянма мустақиллиги учун курашган кишилардан бири генарал Аун Саннинг қизи.
 
2016 йил апрелдан буён у Мьянма давлат маслаҳатчиси ва ташқи ишлар вазири ҳисобланади. Унинг бошқаруви остида демократлаштириш ҳаракатига умид билдирилганди, аммо Аун Сан Су Чжи бошчилигида мусулмонларни ҳайдаб чиқариш ҳаракати янада кучайди.
 
Бу борадаги танқидларга у “Қайси мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилиши борасида муаммо йўқ экан?”, дея жавоб берган.
 
Роҳине мусулмонлари Мьянманинг ғарбидаги Аракан ёки Ракхайн штатида қўним топишган. Уларнинг мамлакатдаги сони бир миллионни ташкил қилади.
 
Яна 1 миллион нафари сўнгги йилларда Бангладеш, Саудия Арабистони, Малайзия ва Покистонга қочишга муваффақ бўлган.
 
Мьянма аҳолисининг 88 фоизи буддавийлар. Мусулмонлар эса аҳолининг 4,3 фоизини ташкил қилади. Араканда эса бу кўрсаткич фарқ қилади. Бу ернинг 43 фоиз аҳолиси мусулмонлар, 52 фоизи эса буддавийлар.
 
Мьянмада роҳине мусулмонлари “ажратиб” келинган. Уларга қўпол муносабатда бўлишади ва улар сайлов ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилган.
 
Роҳине мусулмонлари Мьянма фуқаролигига эга эмаслар, улар расмий рухсатномасиз бошқа жойга кўчиб ўта олмайдилар. Шунингдек, Араканда ҳар бир оила икки фарзанддан ортиқ бола кўриши мумкин эмас. Улар олий маълумот олишдан ҳам маҳрум этилганлар.
 
Ракхайн штатида асосан роҳине мусулмонлари яшагани учун ҳукумат бу ҳудуднинг инфратузилмасини ривожлантириш учун маблағ ажратмайди.
 
Штатда кам таъминланганлик даражаси юқори бўлиб, 78 фоиз аҳоли камбағалликда кун кечиради. Шу сабаб ҳам маҳаллий буддавийлар ва мусулмонлар иш ўринлари ва марказдан келадиган ёрдам учун рақобатчилик қилишади. Айнан қашшоқлик бу ҳудудда муаммоларнинг асосий илдизларидан биридир.
 
Штатда экстремистик гуруҳнинг пайдо бўлиши Мьянма армиясининг роҳине мусулмонларига қарши кураш учун сабаб бўлди. 2016 йил октябрда ҳукумат Араканни қутқариш армияси ҳаракатини чегара постларига ҳужум қилганликда айблади. Натижада мамлакатда роҳине мусулмонларига қарши оммавий қирғин ҳаракати бошланди.
 
Жорий йилнинг 25 август куни Мьянма марказий контртеррор қўмитаси расман Араканни қутқариш армияси ҳаракатини — террорчилик ташкилоти деб эълон қилди.
 
Аммо бу ташкилотга қарши кураш маҳаллий роҳине мусулмонларининг ҳаётини хавф остига қўйди. Amnesty International ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилот вакиллари қатл этиш, зўрлаш, ёш болаларни ўлдириш, турар-жойларни ёқиш ва масжидларни йўқ қилиш орқали инсон ҳуқуқлари оммавий тарзда бузилаётганлигини таъкидлади.
 
Буддавийларнинг миллий ҳаракат кучлари роҳине мусулмонларига қарши кураш олиб боряпти. Бу ҳаракат етакчиси Ашин Вирату — буддавийлар террорчиси номини олган.
 
Вирату очиқдан-очиқ мусулмонларни йўқ қилишга чорлайди. Унинг чақирувлари аввал ҳам можароларга сабаб бўлган.
 
2013 йилда мусулмонларга қарши ҳаракат вақтида 50 киши вафот этган. Ашин Вирату мамлакатдан роҳине мусулмонларини зўрлик билан чиқариб юбориш тарафдори.
 
Юз бераётган кўнгилсиз воқеалар ҳозирча дунё ҳамжамиятининг эътиборига етарли даражада тушганича йўқ. Улардан фақат айримларигина бу можарони тўхтатиш лозимлиги ҳақида гапирди.
 
Хусусан, 3 сентябрь куни Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров жаҳон ҳамжамияти бу воқеага эътибор қаратиши лозимлиги таъкидлаб, БМТ фақатгина бу воқеадан “ташвишда” эканлигини билдирганлигини айтиб ўтди.
 
Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған Араканда содир бўлаётган воқеаларни “мусулмонлар геноциди” деб атади. “Бу геноцидга кўз юмаётганлар демократия ниқоби остида уларга ҳамкорлик қилаётганлардир. Бу воқеа ҳақида одамларга хабар бермаётган жаҳон ОАВлари ҳам жиноятнинг иштирокчиларидир. Араканда ярим аср аввал 4 миллион бўлган роҳине мусулмонлари сони сўнгги йиллардаги таъқиблар сабаб анча қисқарди. Жаҳон ҳамжамиятининг бунга жим қараб туриши ачинарлидир”, деди Эрдўған.
 
Туркия раҳбарининг айтишича, сўнгги кунлар ичида у Ислом ҳамкорлик ташкилотининг аъзоси сифатида Мьянмадаги вазият борасида муҳокама ўтказиш учун бир неча мамлакатлар раҳбарлари билан мулофот қилган.
 
“Мен, шунингдек, БМТ бош котиби билан ҳам гаплашдим. 19 сентябрь куни бу масала бўйича БМТ Хавфсизлик кенгашининг йиғилиши ўтказилади. Аракандаги вазият борасида дунё ҳамжамияти билиши учун Туркия имкони борича ҳаракат қилади. Туркия бошқа мамлакатлар жим турса ҳам ҳаракатни тўхтатмайди”, деди Ражаб Тойиб Эрдўған.
Дурдона Расулова 

Теглар:Мьянма Роҳине мусулмонлари Аракан 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!